Жаҳон | 09:41 / 15.07.2022
4629
2 дақиқада ўқилади

Беларусда сиёсий фаоллар оиласига суд ҳукми чиқарилди

«Ёш фронт» Беларус мухолиф ҳаракатининг собиқ раҳбари Дмитрий Дашкевич 1,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, унинг рафиқаси уч йиллик «уй кимёси» билан жазоланди.

Фото: SPRING96.ORG

Минскнинг Москва туман суди «Ёш фронт» Беларус мухолиф ҳаракатининг собиқ раҳбари Дмитрий Дашкевични 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Дашкевичнинг рафиқаси Анастасия 3 йиллик «уй кимёси» жазосига ҳукм қилинди (Беларусда бу ахлоқ тузатиш муассасасига юборилмасдан озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тури ҳисобланади), деб хабар берди Беларуснинг «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази 14 июль, пайшанба куни ўз Telgram-каналида. 

Дашкевичлар 2020 йил 23 август куни Минскда ўтказилган норозилик акциясида қатнашгани учун судланди. Прокурор ҳар иккала айбланувчига ҳам 1,5 йил ҳақиқий қамоқ жазоси беришни сўради, бироқ судья Анастасия бир ой олдин тўртинчи фарзандини дунёга келтирганини инобатга олиб, бошқача қарор қабул қилди. Беларусда «уй кимёси» «ахлоқ тузатиш муассасасига юборилмасдан эркинликни чеклаш» деб ҳисобланади: маҳкум бир қатор шартлар остида озодликда қолади - полиция бўлимига хабар бериш ва маълум соатларда уйда қолиш. 

Дмитрий Дашкевич 2004-2015 йилларда «Ёш фронт» ҳаракатини бошқарган. Унинг учун бу учинчи қамоқ жазоси. 2006 йилда у «рўйхатдан ўтмаган ташкилот номидан фаолият юритиш» моддаси билан 1,5 йил, 2011 йилда эса «безорилик» моддаси билан икки йилга озодликдан маҳрум этилган. 

Мавзуга оид