Ўзбекистон | 08:06 / 15.07.2022
6680
2 дақиқада ўқилади

Экологияга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 25 мингдан ортиқ шахс аниқланди 

Экология соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган 25 395 нафар шахс аниқланди. Қонунбузарларга 20,9 млрд сўм маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар ҳисобланиб, 11,4 млрд сўми ундирилди.

Фото: АОКА

Бу ҳақда АОКАда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 млрд сўм маъмурий жарима ва 4,3 млрд сўм зарар суммалари белгиланди. 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахт кесилган бўлиб, ўтган йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 фоиз камайган.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида республика ҳудудида 125 млн 30 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилиб, амалда 129 млн 608 минг дона кўчатлар экилиши ташкил этилган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 120 млн доллар миқдорида лойиҳани амалга ошириш бўйича кредит шартномаси тасдиқланди. Лойиҳа натижасида қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 40 фоизини қайта ишлашга эришилиб, атмосфера ҳавосига йилига 52 минг тонна иссиқхона (метан, карбонат ангидрид) газларнинг ташланиши олди олинади. Бундан ташқари 203 та махсус техника харид қилиниб, 13 та сервис маркази қурилади.

Чиқиндилар билан ишлаш соҳасига давлат-хусусий шериклик борасида 65 та туман ва шаҳарни ўз ичига олган 38 та битим имзоланган.

Мавзуга оид