Ўзбекистон | 19:35 / 15.07.2022
9170
1 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис Сенатида Туркманистон президенти билан учрашув бўлиб ўтди

15 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Суҳбат чоғида парламентлараро мулоқот икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим қисмига айлангани таъкидланди. Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Туркманистон Миллий Кенгаши ҳузурида ташкил этилган парламентлараро дўстлик гуруҳларининг фаолияти алоҳида қайд этилди.

Жорий йил май ойида Ашхобод шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг биринчи парламентлараро форуми ва Аёллар мулоқоти доирасидаги биринчи йиғилиш якунлари юқори баҳоланди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш борасида тажриба алмашиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, томонларни қизиқтирган барча йўналишлар бўйича қўшма тадбирлар ташкил этишга келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 14 июл куни давлат ташрифи билан мамлакатга келди.

Мавзуга оид