Россия ва АҚШ ХКСга ўзаро парвозлар бўйича келишиб олди
АҚШ ва Россия космик агентликлари келгуси парвозларда бир экипаж аъзоси бошқа мамлакат вакили бўлишига келишиб олди.
Россиянинг «Роскосмос» давлат корпорацияси ва АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) ўртасида Россия ва Америка кемаларида интеграциялашган экипажларнинг парвозлари бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда 15 июль, жума куни «Роскосмос» хабар берди.
«Келишув Россия ёки Америка космик кемаси парвозининг бекор қилиниши ёки сезиларли кечикиши билан боғлиқ фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, ХКС бортида камида битта «Роскосмос» космонавти ва битта NASA астронавти бўлишини таъминлашга қаратилган. Бунда, Россия ва Америка сегментларига хизмат кўрсатиш таъминланади», — дейилади давлат корпорацияси хабарида.
Имзоланган келишув «Россия ва АҚШ манфаатларига жавоб беради» ва «ХКС дастури доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради», — дея маълум қилди «Роскосмос».
Энди Американинг Crew Dragon бортида битта ўрин россиялик космонавтга берилади. АҚШда малака ошираётган Анна Киркина Американинг ХКСга навбатдаги экспедициясида иштирок этади. NASA-SpaceX Crew-5 миссиясининг учирилиши 1 сентябрга белгиланган. Россиянинг «Союз МС-22» кемасида эса америкалик астронавт Франсиско Рубиога битта жой ажратилади. NASA’нинг ХКСдаги дастури раҳбари ўринбосари Дана Вайгелнинг сўзларига кўра, астронавт россиялик экипаж билан бирга машғулотлардан ўтмоқда.
Март ойида NASA’нинг ХКС дастури менежери Жоэл Монталбано агентлик Украинадаги уруш ва санкцияларга қарамай, Россия билан ҳамкорликни давом эттиришини айтди. «Биз 20 йилдан ортиқ вақт давомида бирга ишладик ва буни давом эттирамиз. Нима бўлаётганини биламиз, лекин олдинга силжишимиз керак. Бу бир гуруҳ иккинчисисиз мавжуд бўладиган жараён эмас. Муваффақиятга эришиш учун ҳамма биргаликда ишлаши керак», - дея тушунтирди Монталбано.