Жамият | 07:52
2171
2 дақиқада ўқилади

Мудҳиш қотилликка қўл урган ўзбекистонлик аёл Россия руҳий касалликлар шифохонасида қолдирилди

2016 йилда 4 ёшли қизнинг бошини танасидан жудо қилган Гулчеҳра Бобоқулова руҳий касалликлар шифохонасидан қўйиб юборилмайди.

Фото: МК

Москвада суд 2016 йил февраль ойида 4 ёшли қизнинг бошини танасидан жудо қилган Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Бобоқулованинг тақдирини ҳал қилди. Бу ҳақда «MK» нашри хабар берди.

«Суд қарорига кўра, ақли норасо деб топилган аёл Қозон шаҳридаги ихтисослаштирилган руҳий касалликлар шифохонасида қолади. Аёлни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш режаси йўқ, чунки у ўз ватанида даволанган ҳолда озодликка чиқмаслигига кафолат йўқ», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, ихтисослаштирилган интенсив кузатувдаги руҳий касалликлар шифохонасининг ягона аёллар бўлимида ҳозир 13 нафар хорижлик аёл сақланмоқда.
 

Бобоқулова 2016 йил февраль ойида Москвада «Октябрское Поле» метро бекати яқинида қўлга олинган эди. Унинг қўлида ёш боланинг боши бор эди. Аёл Народное Ополчение кўчасида яшовчи оилада энага бўлиб ишлаган. Тахминларга кўра, Бобоқулова уй эгалари йўқлигидан фойдаланиб, қизни ўлдирган, квартирага ўт қўйган ва кўчага чиқиб кетган. Суд уни жиноий жавобгарликдан озод қилиб, мажбурий психиатрик даволанишга жўнатган эди.

Маълум бўлишича, Бобоқуловага 1999 йилда шизофрения ташхиси қўйилган, 2002 йилда эса у ўзини тажовузкор тутиб, турли овозларни эшита бошлаган. Аёл Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонасида ҳам даволанган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид