23:22 / 16.07.2022
22396

Украина мудофаа вазирлиги вакили Қримдаги нишонларга HIMARS ракеталари билан зарба берилиши мумкинлигини билдирди

Фото: delo.ua

Украина Американинг HIMARS ялпи ўт очиш ракета тизимларидан Россиянинг Қримдаги объектларига зарба беришда фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси вакили Вадим Скибицкий маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, яриморол «Россия техникаси, ўқ-дори ва қурол-яроғлари Украинага олиб ўтиладиган ҳабга айланиб қолди», Қора денгиз флоти акваториясидан эса Украина ҳудудига ракета зарбалари берилмоқда. 

«Булар, биринчи навбатда, «Калибр» тизимлари, фрегатлар, кичик ракета кемалари, сувости кемалари бўлиб, буйруқни кутмоқда, кейин эса куннинг исталган вақтида зарба бермоқда», — деди у. 

Мудофаа вазирлиги вакили уларни «мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун» Киевнинг асосий нишонлари деб атади. 

Аввалроқ Украина мудофаа вазири Алексей Резников Ғарб томонидан берилган юқори аниқликдаги қуроллардан Россия ҳудудидаги объектларга зарба беришда фойдаланилмаслигини айтганди

Резниковнинг сўзларига кўра, у Пентагон раҳбарига йўллаган мактубида Америка қуролидан душманни «тутиб туриш» ва Украина ҳудудини «деоккупация қилиш» учун фойдаланишга ваъда берган. 

АҚШ июн бошларида Украинага HIMARS ялпи ўт очиш тизимлари тақдим этилишини билдирганди. Шундан сўнг Украина президенти офиси бу қуролдан Россиядаги объектларга зарба беришда фойдаланиш режалаштирилмаганини таъкидлади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top