Жаҳон | 09:12 / 16.07.2022
4457
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Россиядан олтин импортини тақиқлашни маъқуллади

Еврокомиссия Россия олтини импортини тақиқлашга рози бўлди, шунингдек, барча чекловлар Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга таъсир қилмаслиги кераклигини аниқлади.

Фото: AFP

Еврокомиссия Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети, жумладан, Россия Федерациясидан олтин олиб киришни тақиқлаш ҳамда чекловлар остида қолган жисмоний шахслар ва компаниялар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифларни маъқуллади. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг 15 июль, жума куни чоп этилган хабарида айтилади.

Брюсселда таъкидланишича, янги чоралар «Европа иттифоқининг Россияга қарши олтита санкциялар пакетини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган». Хусусан, Россияга юқори технологиялар ва иккиламчи мақсадларда экспорт қилинадиган маҳсулотлар устидан назорат кучайтирилади. Reuters хабарига кўра, бу кимёвий маҳсулотлар ва технологияларга тааллуқлидир. Бундан ташқари, санкция остидаги активларни музлатиш устидан назоратни кучайтириш учун «ҳисобот талаблари кучайтирилади».

Европа комиссиясининг таъкидлашича, Европа иттифоқи санкциялари «ҳеч қандай ҳолатда» Россия ва учинчи давлатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига қарши қаратилмайди. Савдогарлар томонидан чекловларни нотўғри талқин қилишнинг олдини олиш учун бундай экспортга чекловлар янги пакетда аниқлаштирилади, деди Reuters манбаси. 

Улардан баъзилари санкциялар остида давлат корпорацияларига тегишли бўлган Россия портларидан озиқ-овқат ташишдан қўрқяпти, дея таъкидлайди агентлик. Янги пакет ушбу портлар чекловлардан озод қилинганлигини кўрсатади, деди Reuters агентлигига манба. 

Шу билан бирга, Комиссия Россия кемаларининг Европа иттифоқи портларига киришига жорий тақиқни кучайтирмоқчи, шунда улар санкцияларни четлаб ўтиб, расмий равишда чекланмаган докларда юкларни тушира олмайди. 

Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Еврокомиссиянинг ушбу таклифини 18 июлдаги йиғилишида муҳокама қилишлари мумкин, бироқ ўша куни ҳеч қандай янги чекловларни тасдиқлаш режалаштирилмаган, дея хабар беради DW’нинг Брюсселдаги мухбири. «Душанба куни санкциялар бўйича қарор бўлмайди», деди Европа иттифоқи тузилмаларидаги юқори мартабали манба. 

Шунингдек, Reuters манбаси Европа иттифоқи санкцияларни келаси ҳафта муҳокама қилиб, ёзги таътил олдидан уларни қабул қилиш ниятида эканини айтди. Агентлик суҳбатдоши чекловлар Россия нефти ёки кўмирига таъсир қилган аввалги чекловларга нисбатан нисбатан камлиги сабабли санкцияларни «олти ярим» пакет деб атади. 

«Бугун биз Европа иттифоқининг Кремлга нисбатан санкцияларини кучайтиришни, уларни янада самаралироқ қўллашни ва 2023 йилнинг январигача узайтиришни таклиф қилмоқдамиз. Москва ўз агрессияси учун юқори баҳони тўлашда давом этиши керак», - деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. 

«Бугунги пакет халқаро ҳамкорлар, жумладан, G7 билан келишилган ёндашувимизни акс эттиради. Ушбу чора-тадбирларга қўшимча равишда, мен Европа иттифоқи кенгашига кўпроқ жисмоний ва юридик шахсларни рўйхатга киритиш, сўнгра активларни музлатиш ва саёҳат чекловлари бўйича таклифлар билан чиқаман», - Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид