Жаҳон | 13:35 / 17.07.2022
46245
10 дақиқада ўқилади

«Муштлар учрашуви». Байден президент сифатида илк бор Саудияга келди ва МБС билан кўришди

Фото: SPA / Chine Nouvelle / SIPA / Scanpix / LETA

15 июл куни АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд билан учрашди, учрашувда амалда мамлакатни бошқарувчи валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳам ҳозир бўлди. АҚШ шаҳзодани саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қотиллиги буюртмачиси ва ўзгача фикрловчи саудияликларни таъқиб остига олишда айблайди. Байденнинг Саудия Арабистонига ташрифи унинг АҚШда баҳслар келтириб чиқарган Яқин Шарққа турнесидаги асосий манзил бўлди. «Медуза» Жиддага Байденни қандай мақсадлар олиб келгани ҳақида баён этди.

Саудия Арабистонининг иқтисодий пойтахти саналувчи Жиддага АҚШ президенти Жо Байден Исроилдан келди, бу тарихдаги илк шундай йўналишдаги парвоз бўлди. 15 июл куни Жиддада Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Саудия Арабистони мамлакатларини ўз ичига олган Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити бўлиб ўтди. Кенгашнинг 2022 йилги йиғилишида Миср, Ироқ ва Иордания ҳам иштирок этди.

Исроилда Байден бош вазир Яир Лапид билан учрашган, Ҳиндистон, Исроил ва БАА раҳбарлари билан биргаликда тўрт томонлама онлайн-саммитда иштирок этган, шунингдек Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказганди. Президентнинг Саудия Арабистонга ташрифидан мақсад 2018 йилда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишидан кейин ёмонлашган ўзаро муносабатларни тиклаш, шунингдек энергетика соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш эди.

АҚШ президентининг ташрифи узоқ тарихга эга. 2019 йилда, президентлик учун номзод сифатида дебатларда иштирок этаётганида Байден президент Барак Обамадан фарқли ўлароқ Саудия Арабистонига қурол сотмаслиги, бунинг ўрнига ушбу мамлакатни «четга чиқариб қўйиши», бу мамлакат «муносиб» бўлган тўловни «тўлатиши»ни айтганди. У шунингдек Саудия Арабистонининг ҳозирги ҳукумати «жуда кам ижтимоий қадриятлар»га эга эканини таъкидлаганди. Аммо Байден эндиликда айнан шу ҳукумат билан энергетик ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишига тўғри келмоқда. Эрон ядро қуроли яратишга тайёрланаётган, Украинага босқинидан кейин санкциялар зарбасига учраган Россия эса жаҳон нефт ва газ бозоридан ўз ҳолатини яхшилаш учун фойдаланиши мумкин бўлган шароитда АҚШга шундай иттифоқчи жуда зарур.

15 июл кунги ташриф давомида Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони энергетика, алоқа, космос, соғлиқни сақлаш, «тоза» энергия манбалари, атом энергетикаси ва кўмир қазиб олиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш борасида 18 келишув имзолади, шунингдек, Эронга ядро қуролига эга бўлишида тўсқинлик қилиш зарурлиги тўғрисида келишиб олинди.

Саудия Арабистони жаҳон иқтисодиётининг ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида глобал нефт бозорда мувозанатни сақлаш мажбуриятини олган. Мамлакат июл ва август ойларида нефт ишлаб чиқариш даражасини режалаштирилганига нисбатан 50 фоизга оширмоқчи. «Келгуси ҳафталарда бошланиши кутилаётган ушбу ҳаракат бозорларни сезиларли даражада барқарорлаштиришга ёрдам берди», — дейилади Оқ уй ҳисоботида.

Июл ойи бошида, Яқин Шарқ мамлакатларига жўнаб кетишидан олдинроқ Байден The Washington Post учун «Мен нега Саудия Арабистонига бораман?» сарлавҳали колонкасини эълон қилганди. Мақолада у ўз маъмурияти бошқарувининг илк даврида дуч келган Форс кўрфази давлатларидаги сиёсий вазиятни тасвирлаган ва унинг жамоаси эриша олган муваффақиятларни қайд этган:

«Биз Ироқда АҚШнинг жанговар миссиясини якунладик ва ҳарбий иштирокимизни фақатгина ироқлик ҳарбийларни тайёрлашга қаратдик, шу билан бирга, мен вице-президентлигимда тузилган, ИШИДга қарши халқаро коалицияни қўллаб-қувватлашни давом эттирдик, энди бу коалиция ИШИД қайта тикланишига йўл қўймасликни мақсад қилган. Биз америкаликларга қарши таҳдидларга ҳам жавоб қайтардик. Эрон томонидан ҳомийлик қилинадиган ҳужумлар сони икки йил олдинги билан солиштирганда кескин камайган. Шу йил февралида биз ИШИД етакчиси Ҳожи Абдуллани йўқ қилиб, қаерда яширинишга уринишмасин, Америка террорчилик таҳдидларини бартараф этишга қодирлигини намойиш қилдик».

Байден муваффақиятлар қаторида Саудия Арабистони Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг олти давлати бирлигини тиклашига ёрдам берилгани, шунингдек Яман билан сулҳни тўла қўллаб-қувватлаганини келтиради, Америка президенти бу сулҳга Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауднинг саъй-ҳаракатлари билан эришилганини таъкидлайди. «Натижада сўнгги ойлар сўнгги етти йилликдаги энг тинч давр бўлди», — дея хулоса қилади Байден.

Шу билан бирга, президент 2021 йил февралида АҚШ Америка разведкасининг саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлими (шундан кейин Саудия Арабистони тезкор ҳаракатланиш кучлари ва қотилликка алоқадорлиги айтилган бошқа шахсларга нисбатан санкциялар қўлланганди) бўйича ҳисоботи эълон қилинганини эслаб ўтган. The New York Times манбалари айтишича, санкциялардан бир неча кун ўтиб Байден суиқасднинг асосий буюртмачиси деб ҳисобланган саудиялик шаҳзодага нисбатан санкциялар қўллашни ноўрин деб ҳисоблашини билдирган. Бу чора, АҚШ президенти фикрича, икки давлат муносабатларини ёмонлаштириши мумкин бўлган.

Колонкаси нашр қилинишидан бир ой олдин Байден журналистларга шаҳзода билан шахсан учрашмоқчи эмаслигини айтганди: у ўзаро коммуникацияни фақат кенг доирадаги иштирокчилар таркибидаги халқаро учрашув доирасида кўрган. «Менинг маъмуриятим Қўшма Штатлар ҳар қандай ҳукумат томонидан диссидентлар ва фаолларга нисбатан экстерриториал таҳдидлар ва таъқибларга тоқатсиз эканини аниқ айтган», — деган Байден ўз колонкасида Муҳаммад бин Салмонни назарда тутган ҳолда. АҚШ президент Жиддага бориш бўйича қарорига билдирилган танқидларга қуйидагича жавоб қайтарди:

Аввалбошдан мақсадим 80 йилдан буён стратегик шерик бўлиб келган давлат билан муносабатларни бузиш эмас, балки  йўналишни ўзгартириш эди.

Мен биламан, кўплар Саудия Арабистонига бориш қароримга қўшилмайди. Менинг инсон ҳуқуқлари бўйича қарашларим аввалдан маълум. Фундаментал эркинликлар масаласи хорижга қилган сафарларимда доимо кун тартибида бўлган — Исроил ва Ғарбий соҳилга қилинажак сафарларим вақтида ҳам шундай бўлади.

15 июл куни Байден Саудия Арабистони подшоҳи ва валиаҳд шаҳзодаси билан учрашув ўтказди. У подшоҳ билан қўл сиқиб кўришди, шаҳзода билан эса фақат муштларни уриштирган ҳолда кўришди — у бундай ҳаракатни коронавирус чекловлари билан изоҳлаган. Саудияликлар билан учрашувгача ҳам, Исроилга ташрифи вақтида президент қўл бериб кўришиш ўрнига муштларни уриштирган ҳолда саломлаша бошлаганди, ҳолбуки у АҚШда эканида бошқа сиёсатчилар билан фақат қўл бериб кўришаётганди. Байден Исроилда ҳам айрим эски қадрдонлари, масалан, собиқ бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашганда қўл бериб саломлашди. CNN журналистлари тахмин қилишича, протокол хизмати валиаҳд шаҳзода Муҳаммад билан қўл бериб кўришиши эътиборга тушишининг олдини олиш мақсадида президентнинг саломлашувини ўзгартирган.

Фото: Reuters

Байден кейинроқ журналистларга айтишича, у шаҳзодага «тўғридан тўғри ва қатъий қилиб» журналист Қошиқчининг ўлими учун жавобгарликни шаҳзоданинг зиммасига юклашини билдирган. Ўз навбатида, шаҳзода Муҳаммад журналист ўлими учун жавобгар эмаслигини таъкидлаган, Байден эса яна бир бор уни айбдор деб билишини такрорлаган.

Учрашувда ҳозир бўлган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр эса кейинроқ журналистларга валиаҳд шаҳзодага айблов билдирилганини эшитмаганини, лекин чиндан ҳам Байден инсон ҳуқуқлари ва Жамол Қошиқчи иши муҳимлиги ҳақида гапирганини айтган.

Америкадаги «Араб дунёси учун демократия» (DAWN) ҳуқуқ ташкилоти 15 июл куни маълум қилишича, журналист Жамол Қошиқчининг адвокати, АҚШ фуқароси ҳамда ушбу ташкилот директорлар кенгаши аъзоси бўлган Асим Ғафур сиёсий мотивларга эга бўлган иш доирасида Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олинганини маълум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари Жо Байденни Жиддада БАА вакиллари билан учрашув ўтказишдан олдин Ғафурнинг қўлга олинишига эътибор қаратишга чақирди.

Байденнинг ташрифи халқаро изоляцияга тушган Россия ва Эрон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик туғилаётган вақтда амалга оширилди. Олдинроқ Оқ уй разведка маълумотларига асосланган ҳолда Эрон Россияга Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қўлланиши мумкин бўлган учувчисиз учиш қурилмалари етказиб бермоқчи бўлаётгани ва россиялик ҳарбийлар бу воситалардан фойдаланишга ўргатилиши ҳақида хабар берганди. Кўп ўтмай Теҳрон дронлар етказиб берилиши ҳақидаги хабарларни рад этиб чиқди.

16 июл куни CNN АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливанга асосланган ҳолда июн ойида ва июл ойи бошида Россия делегацияси Эрондаги Кашан аэродромига ташрифлар амалга оширгани, бу сафарлардан мақсад юқори аниқликдаги ракеталар учириши мумкин бўлган Shahed-191 ва Shahed-129 дронларини ўрганиш бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Мавзуга оид