Ўзбекистон | 17:08 / 18.07.2022
11560
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда. 

Фото: Президент матбуот хизмати

“Кўриб турибсиз – дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бормоқда. Айниқса, маҳсулот етиштирувчи асосий давлатларнинг экспортга чекловлар қўйиши ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда”, деди давлат раҳбари.

Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади. 

“Шу боис, юқоридаги хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиш керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Йил бошида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобидан аҳолига 80 минг гектар майдонни бўлиб бериш бошланган. Аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиш бўйича 3 мингдан зиёд “Томорқа хизмати” инфратузилмаси яратилган. Томорқада маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли маблағлар ажратилган.

Маълум қилинишича, жорий йил 6 ойида 821 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди. Ҳозирга қадар ажратилган 64 минг гектарда жами 785 минг аҳоли бандлиги таъминланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид