Жаҳон | 11:36 / 19.07.2022
16018
5 дақиқада ўқилади

Европада экстремал иссиқ ва кучли ўрмон ёнғинлари. Юзлаб кишилар ҳалок бўлмоқда

Испанияда ҳаво ҳарорати 45 даражадан, Португалияда 47 даражадан ошган.

Фото: Sebastian Gollnow / dpa / Scanpix / LETA

Июл ойида Европа мамлакатларида аномал иссиқлик қайд этилмоқда. Айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетган. Испания, Португалия, Франция ва бошқа мамлакатларда ўрмон ёнғинлари бошланган — ҳукумат ёнғин хавфи мавжуд бўлган ҳудудлардан минглаб кишиларни кўчирган. Иссиқ ҳарорат туфайли юзлаб кишилар вафот этмоқда, Евроиттифоқнинг кўплаб мамлакатлари фавқулодда ҳолат режими жорий этган. Экспертлар бўлаётган ҳодисаларни иқлим ўзгаришлари билан боғлашмоқда.

Испания

Испаниянинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 45 даражага етган. Карлос III номидаги Саломатлик институти 10 июлдан 15 июлга қадар иссиқ туфайли 360 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. El Pais газетаси ёзишича, 17 июл куни Испанияда 36 ёнғин қайд этилди, шундан 24 ёнғин фаол тарқалган. Ёнғинлар оқибатида жами 20 минг гектардан ортиқ майдон яксон бўлган, икки мингдан ортиқ киши ёнғин хавфи мавжуд бўлган ҳудудлардан эвакуация қилинган. Бу Испанияда экстремал иссиқларнинг иккинчи тўлқинидир — аввалгиси июн ойи ўрталарида кузатилган. Ўшанда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб, 800 дан ортиқ киши вафот этганди.

Португалия

Португалияда ҳаво ҳарорати 47 даражадан ошган. 16 июл куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги етти кунда иссиқ туфайли 659 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди. Мамлакатнинг шимолий ва марказий қисмларида кучли ёнғинлар давом этмоқда. 17 июл куни The Guardian газета фаол ёнғин ўчоқлари сони 20 дан 11 тага туширилганини хабар қилди. Йил бошидан июн ойи ўрталарига қадар табиий ёнғинлар туфайли 40 минг гектар ўрмон ҳудуди жабрланган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кўпроқдир. Июн ойи охирида Метеорология миллий институти Португалиянинг қитъадаги ҳудудининг 96 фоизлик қисмида кучли қурғоқчилик қайд этилаётганини маълум қилганди.

Франция

Францияда 51 департамент (улар денгиз ортидаги ҳудудлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 101 та) аномал иссиқ туфайли хавфнинг «тўқ сариқ» даражасини эълон қилган. Яна 15 департамент хавф даражасини максимал кўтарган — «қизил» даража, бу ҳудудларда ҳаво ҳарорати 42 даражага етиши мумкин. Жиронда департаментида ўт ўчирувчилар бир неча кундан буён кучли ёнғинларга қарши курашмоқда, BFMTV телеканали хабарига кўра, 18 июл ҳолатига ёнғин ҳудудлари майдони 14 минг гектарни ташкил этган. Ўт ўчириш ишларига 1700 киши ва тўққиз самолёт жалб этилган. 16 мингдан ортиқ киши, жумладан сайёҳлар ҳам хавфли ҳудудлардан кўчирилган.

Буюк Британия

Буюк Британия ҳукумати 15 июл куни мамлакат ҳудудида иссиқ ҳаво туфайли хавфнинг энг юқори даражасини эълон қилди. Метеорологлар огоҳлантиришича, айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 41 даражага чиқиши мумкин, бу 2019 йилдан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади, уч йил олдин Кембрижда 38,7 даража иссиқ қайд этилганди. Ҳукумат жазирама вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича маълумот тарқатмоқда, темирйўл компаниялари одамларни бу кунларда сафарларга чиқишдан тийилишга чақирмоқда. Компаниялар поезд рейсларининг бир қисми бекор қилинганини маълум қилган. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида йўлларда зичлик юмшаб кетмаслиги учун майда тошлар сепиб чиқилган, Ҳаммерсмит кўприги конструкцияси қизиб кетмаслиги учун фолга билан ўраб қўйилган. Буюк Британиядаги кўплаб мактаблар иссиқ кунларда ёпилган, айрим шифохоналар бу кунларда режалаштирилган қабуллар ва жарроҳлик амалиётларини кечиктирган. Шунингдек, мамлакатда қатор оммавий тадбирлар бекор қилинган.

Европанинг бошқа мамлакатлари

Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам рекорд даражадаги ҳарорат ва кўп сонли ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. 17 июл куни Греция ёнғин ўчириш хизмати пресс-релизида айтилишича, мамлакат ҳудудида 24 соат ичида 51 нуқтада ёнғин чиққан. Хорватияда Шибеник шаҳри яқинида ёнғинлар бошланган, энг мураккаб вазият Затон қишлоғи ҳудудида юзага келган, бу ерда 20 уй ёниб кетган, маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган. Sky News хабар қилишича, Италияда ҳам ёнғинлар бошланган. Ушбу мамлакатда ҳаво ҳарорати яқин вақт ичида 40 даражадан ошиши кутилмоқда. Италия шимолида — сўнгги 70 йилликдаги энг жиддий қурғоқчилик юзага келган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид