Жаҳон | 09:39 / 22.07.2022
8437
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларусни тарк этганларни сиртдан суд қилишга рухсат берди

Янги қонун, жумладан, оммавий тартибсизликлар ва санкцияларни ҳам ҳисобга олган. Шу билан бирга, унда ҳукмлар устидан кассация шикоятини киритиш назарда тутиляпти.

Фото: Picture Alliance

Беларус раҳбари Александр Лукашенко бу мамлакатни тарк этган фуқароларни сиртдан суд қилиш имконини берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Лукашенко матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Айбланувчилар террорчилик ҳаракатлари, геноцид, ёлланма ҳаракатлар, давлатга хиёнат, қўпорувчилик, экстремистик тузилма яратиш ёки унда иштирок этиш тўғрисидаги моддалар, шунингдек тартибсизликлар ва санкциялар қўллашга чақириқлар бўйича сиртдан судланиши мумкин.

Бундан ташқари, қонун билан ҳукмлар устидан кассация тартибида апелляция бериш тартиби киритилмоқда. Шикоят ва протестлар областлар ҳамда Минск шаҳар судлари президиумларида кўриб чиқилади. Эндиликда, агар Олий суд биринчи инстанция суди сифатида ишни кўриб чиққан бўлса, ҳукмлар устидан апелляция шикояти ҳам бериш мумкин бўлади.

Zerkalo.io порталининг таъкидлашича, Беларусда фуқаролар жами 48 та жиноий модда бўйича сиртдан суд қилиниши мумкин, уларнинг баъзиларида ўлим жазоси назарда тутилган. Нашрнинг билдиришича, Беларуснинг вояга етган ҳар қандай фуқароси сиртдан судланиши мумкин. 

Янги қонун қамраб олган қатор моддаларга кўра, Беларус мухолифатчиларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Жумладан, мухолифат етакчиси Светлана Тихановскаяга экстремистик тузилма яратиш, давлат ҳокимиятини қўлга киритиш мақсадида фитна уюштириш ва террорчилик актига уриниш моддалари бўйича айблов эълон қилинган. Беларус мухолифатининг мувофиқлаштирувчи кенгаши президиуми аъзоси Павел Латушко ҳам янги қонун билан судланиши мумкин.

Мавзуга оид