Жаҳон | 19:48 / 23.07.2022
16112
2 дақиқада ўқилади

Риши Сунак Британия бош вазирлигига сайловда ўзининг ғалаба қозонишига шубҳа билдирди

Чоршанба куни Британияда бош вазирни сайлаш учун овоз беришнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Сайлов финалига ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ва собиқ молия вазири Риши Сунак йўл олди. 

Фото: Reuters

Буюк Британия бош вазирлигига номзод, собиқ молия вазири Риши Сунак сайловда ўзини аутсайдер деб атади.

"Бугун менинг партия аъзолари билан биргаликда сайлов кампаниям бошланади. Менинг кампаниям энг яхши консерватив қадриятларни акс эттиради. Ҳар бир овозга муносиб бўлиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан, лекин шубҳага ўрин йўқ, мен - аутсайдерман", - деди Сунак. 

Чоршанба куни Британияда бош вазирни сайлаш учун овоз беришнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, сайлов финалига ташқи ишлар вазири Лиз Трасс ва собиқ молия вазири Риши Сунак йўл олди. 

Аввалроқ YouGov тадқиқот компанияси ўтказган сўровда консерватив партиянинг 60 фоиздан ортиқ аъзолари сайловда Трасс учун овоз беришини билдирган, Сунак 40 фоиз ҳам овоз олмаганди. 

Охирги турда консерватив партиянинг барча аъзолари овоз бериши орқали ғолиб аниқланади. Овоз бериш почта орқали ўтказилади. Натижалар 5 сентябрда эълон қилинади.

Борис Жонсон 7 июл куни мамлакат бош вазирлиги ва консерватив партия раҳбарлигидан кетишини маълум қилганди.

Мавзуга оид