Ўзбекистон | 19:16 / 25.07.2022
17869
1 дақиқада ўқилади

“Ҳисор” давлат қўриқхонасидаги фотоқопқонга Туркистон силовсини муҳрланди

Туркистон силовсини Ўзбекистон Қизил китоби ва халқаро Қизил китобга киритилган.

Давлат экология қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, қўмита тасарруфидаги “Ҳисор” давлат қўриқхонаси Ғилон бўлими қўриқлаш ходимлари томонидан ўрнатилган яширин фотоқопқонга Туркистон силовсини муҳрланган.

Маълумот учун, Туркистон силовсини Ўзбекистон Қизил китоби ва халқаро Қизил китобга киритилган бўлиб, ҳозирги кунда ноёб тур ҳисобланади. Туркистон силовсини асосан Ғарбий Тян-Шан тоғларининг Угом, Писком, Чотқол ва Помир-Олой тоғларининг Туркистон, Ҳисор, Кўҳитанг тоғ тизмаларининг баланд қисмида яшайди.

Туркистон силовсини Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё мамлакатлари, Қозоғистон, Мўғулистон, Ғарбий Хитой, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистонда учраши аниқланган.

Қайд этилишича, Туркистон силовсини Давлат экология қўмитаси томонидан доимий муҳофазага олинган.

Аввалроқ, “Ҳисор” давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга ноёб қор қоплонлари ва ноёб қизил суғурлар муҳрланган эди.

Мавзуга оид