Ўзбекистон | 21:09 / 26.07.2022
24091
3 дақиқада ўқилади

«Биз пулларни сарфлаб юбориш учун сўрамаяпмиз» — «Толибон» вакиллари музлатилган пулларни қайтаришга чақирди

«Толибон» ҳукумати ташқи ишлар вазири Афғонистонга қарши санкциялар туфайли мамлакат иқтисоди ва оддий халқ мушкул аҳволга тушиб қолганини таъкидлади.

26 июл куни Тошкент шаҳрида 100 дан ортиқ хорижий делегациялар иштирокида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда БМТ, ИҲТ, ШҲТ, ЕИ, шунингдек АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Европа иттифоқи давлатлари, Марказий Осиё давлатлари ҳамда «Толибон» вакиллари қатнашди.

Тадбирдан сўнг журналистлар учун қисқа матбуот анжумани ўтказган «Толибон» ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий бир қанча масалалар бўйича фикр билдирди.

«Мазкур конференциянинг ижобий тарафи – олдинги тадбирлар фақат Афғонистонда куч ишлатишни тўхтатиш ва хавфсизлик масалаларига қаратилган бўлса, буниси ҳақиқий иқтисодий ривожланиш борасида бўлди. Яна бир муҳим нарса – қатнашчиларнинг кўпчилиги реал вазиятни кўриб, уни қабул қилаётганида бўлди.

44 йилдан сўнг илк бор Афғонистонда марказий ҳокимият ўрнатилди. У халқ вакиллари орқали бутун мамлакат ҳудудини бошқаради.

Биз Қўшма Штатлар билан бир неча марта Афғонистон марказий банкининг музлатилган пулларини қайтариш борасида натижасиз музокаралар олиб бордик. Биз яна бир бор учрашиб бу ҳақда гаплашмоқчимиз. Бу афғон халқининг пули, уни олиб қўйиш ёки музлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Афғонистонга қарши киритилган санкциялар ёки музлатилган пулларимиз бизнинг манфаатларимиз ва давлатимизга қарши қаратилган ҳужумдир. Бунинг оқибатлари иқтисодимиз ва халқимиз учун жуда ёмон бўлмоқда», дея толиблар расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Толибон» ташқи ишлар вазирлиги вакили Закир Жалолий Kun.uz мухбирига берган интервьюсида Афғонистон халқаро активларининг музлатилиши ноқонуний ҳаракат ҳисобланишини айтиб ўтди.

«Биз пулларни сарфлаб юбориш учун сўрамаяпмиз, бу бизнинг захираларимиз. У валютамизни қўллаб-қувватлайди. Афғонистон Марказий банки ёки ҳукумат уни бошқа мақсадларда ишлатмоқчи эмас.

Биз Россия ва Хитойнинг пулларни қайтариш бўйича чақириқларини ҳурмат қиламиз. Музлатилган пуллар биздаги камбағаллик ва иқтисодий қолоқликка сабаб бўлиб турибди.

Афғонистон пулларини музлатиб қўйишнинг ўзи ноқонуний ҳаракат бўлган. Биз бу борада АҚШ расмий доиралари билан музокараларга киришганмиз. Бу ерга Афғонистон Марказий банки вакиллари ҳам келган. Музлатилган пулларни қайтариш бўйича бизни қўллаётган давлатларга миннатдорчилик билдирамиз», деди «Толибон» вакили.

Мавзуга оид