Жаҳон | 20:11 / 26.07.2022
16911
2 дақиқада ўқилади

«Ҳарбийларимиз қўл қовуштириб ўтирмайди» - Хитой Пелосининг Тайванга режалаштирган ташрифи боис АҚШга таҳдид қилди 

Хитой мудофаа вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Нэнси Пелоси АҚШ ҳукуматидаги учинчи шахс ҳисобланади ва унинг ташрифи «ягона Хитой» тамойилига зиддир. 

АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи «ягона Хитой» тамойилини бузади, Пекин Вашингтондан ушбу ташрифни ташкил этмасликни талаб қилади, деди Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тан Кефей.

У Пекин мазкур ташрифга бир неча марта қарши чиққанини эслатди. Таннинг таъкидлашича, Пелоси АҚШ ҳукуматидаги учинчи шахс ҳисобланади ва унинг ташрифи «ягона Хитой» тамойилига зиддир. 

«Агар Америка томони ўз йўлидан қайтмаса, Хитой ҳарбийлари ҳеч қачон қўл қовуштириб ўтирмайди ҳамда шубҳасиз, ташқи кучларнинг ҳар қандай аралашуви ва «Тайван мустақиллиги» тўғрисидаги айирмачиликларнинг олдини олиш учун кескин чоралар кўради», — деди Тан Кефей.

Тайван 1949 йилда Хитойдан ажралиб чиққанини эълон қилган. Пекин оролнинг мустақиллигини тан олмайди ва уни ўз провинцияси деб ҳисоблайди.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Пелоси Тайванга август ойида боришни режалаштирган. 

Мавзуга оид