Жаҳон | 13:39 / 27.07.2022
5241
3 дақиқада ўқилади

«Газпром» «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни 20 фоизгача қисқартирди

«Шимолий оқим 1» орқали етказиб беришни қисқартирган Россия бир вақтнинг ўзида Украина ва Словакия орқали ўтадиган «Трансгаз» газ қувури орқали етказиб бериш ҳажмини оширди, деб хабар берди унинг оператори.

Фото: Getty Images

Россиянинг «Газпром» компанияси, аввал эълон қилинганидек, 27 июлдан бошлаб «Шимолий оқим 1» газ қувури орқали Германияга газ етказиб беришни ўтказиш қобилиятининг 20 фоизигача қисқартирди. 27 июль, чоршанба куни эрталаб Deutschlandfunk телеканали эфирида Федерал тармоқ агентлиги раҳбари Клаус Мюллер шундай деди: «Ҳозирда биз эълон қилинган қисқартиришнинг гувоҳи бўляпмиз». Унинг қўшимча қилишича, кун давомида идора ушбу ҳажмда газ келишини кузатишини ҳам қўшимча қилди.

Шу билан бирга, «Газпром» Украинадан Словакия орқали ўтувчи «Трансгаз» магистрал газ қувури орқали етказиб бериш ҳажмини олдинги кунларга нисбатан оширди, деб хабар берди Eugas газ қувури оператори. Газ қувурининг Словакия қисми бошланғич нуқтаси бўлган, Украина билан чегарадаги Вельке-Капушани шаҳрида 68,6 миллион кубометр газ етказиб берилгани эълон қилинган бўлса, бир кун аввал бу кўрсаткич 36,8 миллион кубометрни ташкил қилганди.

Dpa маълумотларига кўра, бу «Газпром» «Шимолий оқим 1» орқали Европага етказиб берилаётган таъминот ҳажмини қоплашга интилаётганидан далолат беради. «Трансгаз» орқали етказиб бериш қўшимча ҳажмлари тахминан ШО-1 орқали қисқартирилган газ миқдорига тўғри келади.

«Газпром» 25 июль куни кечқурун «Шимолий оқим 1» қувури орқали газ ўтказиш учун масъул бўлган «Портовая» компрессор станцияси (КС)да Siemens газ турбинали двигателининг таъмирлаш ишлари туфайли иш тўхтатилгани ҳақида баёнот берди. Турбина тўхтатилиши муносабати билан «Шимолий оқим 1» орқали Россия газини етказиб бериш 27 июлдан кунига 33 миллион кубометргача қисқартирилади, бу ўтказиш қобилиятининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади, деб билдирди Россия концерни. Германия Иқтисодиёт вазирлиги «таъминотни қисқартириш учун ҳеч қандай техник сабаблар йўқ» деб ҳисобламоқда.

Июнь ойида «Газпром» «Шимолий оқим» қувури орқали газ етказиб бериш оқимини кескин камайтирди. Россия компанияси буни Канададаги таъмирдан сўнг Siemens газ турбинаси ўз вақтида қайтарилмагани билан изоҳлади. 11 июлдан 21 июлгача газ қувурининг иккала тармоғи режалаштирилган таъмирлаш ишлари туфайли тўхтатилди. Бундан ташқари, Германиядаги бюрократик кечикишлар туфайли «Газпром» таъмирланган турбинани қувурга профилактик таъмирлаш ишлари тугагунига қадар ололмади. «Шимолий оқим 1» орқали истеъмол қилинадиган Россия гази асосий қисмини оладиган Германия етказиб бериш қисқаришига сиёсий сабабларни кўрсатган.

Мавзуга оид