10:51 / 27.07.2022
6501

Икки ой ичида газ «заправка»лари томонидан 41 млрд сўмлик газ ўғирланди

АГТКШлар томонидан 41,9 млрд сўм ёки 209 мингга яқин хонадоннинг ёз мавсумидаги бир ойлик истеъмолига тенг миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.

Фото: Kun.uz

Давлат хавфсизлиги хизматининг «Ўзнефтгазинспекция» ҳамда «Ўзтрансгаз» АЖ билан ҳамкорликдаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

«Ўзнефтгазинспекция» хабарига кўра, июнь-июль ойларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида ўтказилган навбатдаги тадбирлар давомида бир қатор АГТКШларда табиий газдан фойдаланишда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.

Бухоро вилоятидаги 3 та АГТКШда 2,2 млрд сўмлик, Самарқанд вилоятидаги 2 та АГТКШда 3,3 млрд сўмлик, Сирдарё вилоятидаги 5 та АГТКШда 3,6 млрд сўмлик, Жиззах вилоятидаги 17 та АГТКШда 31,3 млрд сўмлик ва Қашқадарё вилоятидаги 1 та АГТКШда 1,5 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Қоидабузарликлар келиб чиқиши АГТКШлар ўлчов тизимларидаги кўрсаткичларга ташқи таъсир билан боғлиқ бўлган.

Ҳисоб-китобларга асосан, мазкур корхоналар томонидан давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 41,9 млрд сўмни ташкил қилган. Бунда, 209 мингга яқин хонадоннинг ёз мавсумидаги бир ойлик истеъмолига тенг бўлган табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинган.

Top