Қирғизистонда аҳолининг 60% дан ортиғи, Ўзбекистонда эса тахминан 50 фоизи қишлоқларда яшайди. Бу қишлоқлар кўпинча совет даврида қурилган ва тоза, оқар сув таъминоти тизимларига эга эмас.
Бу ҳақда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги сув таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳалар натижасини ўрганган Жаҳон банки тадқиқотчилари хулосасида қайд этилган.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари танлаб олинган. Таъкидланишича, бу икки туман аҳолисининг аксарияти йиллар давомида мамлакатда сув таъминоти билан боғлиқ энг хавфли вазиятларни бошдан кечирган.
Олот ва Қоракўлда аҳолининг 80 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва улар суғориш каналлари ҳамда шўрланган қудуқлардан олинадиган хавфли сувга боғланиб қолишган ёки танкерлар орқали юқори нархга сув олиб келишган, дейилади ҳисоботда.
Қувурли сув тақсимлаш тармоқлари Олотнинг 23 фоиз ва Қоракўл тумани аҳолисининг бор-йўғи 15 фоизига етиб борган, бироқ мавжуд бўлганда ҳам хизмат вақти-вақти билан узилади ва одамлар филтрсиз, лойқа сувдан фойдаланишга мажбур бўлади.
Саломатликни хавф остига қўйиш, имкониятларни йўқотиш

Олот, Қоракўл ва Тамға (Қирғизистон) туманларида сув таъминоти тизими етарли даражада эмаслиги ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлик сувдан юқадиган касалликлар ва паразитлар кўпайишига олиб келган.
Тамға қишлоғи оилавий шифокорлар гуруҳи бош шифокори Элмира Иманованинг сўзларига кўра, 2020 йилда 100 дан ортиқ бола ана шундай касалликка чалинган. Унинг таъкидлашича, тоза сув йўқлиги сабабли ёмон гигиена шароитлари бундай эпидемияларга олиб келган.
Олот ва Қоракўлдаги болалар ҳам сув таъминоти тизими нотўғрилигидан зарар кўрган. Тадқиқотдан маълум бўлишича, бу ердаги аҳоли Ўзбекистонда сув орқали юқадиган касалликларнинг энг юқори кўрсаткичларига дуч келган, болалар ва қариялар энг кўп жабрланган. Олотдаги уй хўжаликларининг 83 фоизи ўз фарзандлари тўғридан тўғри каналлардан келадиган ичимлик сувидан касал бўлиб қолганини маълум қилган.
“Аҳоли соғлиғига зарар етказишдан ташқари, бу ҳудуд аҳолисида сув етишмаслиги аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилмоқда”, – дейди Жаҳон банки экспертлари.









