Жамият | 21:46 / 30.07.2022
27300
8 дақиқада ўқилади

“Лойиҳамизга ҳеч ким пул беришни истамаганди” — ақлли клавиатура билан грант ютган талабалар

Гаджетларнинг кенг тарқалиши билан аҳолимизнинг ёзувдаги саводхонлик даражаси кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Бу муаммони тўғри англаган бир гуруҳ фаол талабалар ўзбек тилида тўғри ва тез ёзиш имконини берадиган “Tahrirchi” номли ақлли клавиатура дастурини ишлаб чиқди. Kun.uz фойдали ишга қўл урган фаол ёшларни суҳбатга тортди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларидан иборат жамоа ўзбекча клавиатура мобил иловаси – “Таҳрирчи”ни яратишди. Мобил илова АКТ вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида талабалар орасида ўтказилган “mGovAward” республика танловида ғолиб бўлди.

Танлов жамғармаси 100 минг доллар бўлиб, биринчи ўрин соҳибларига 50 минг доллар насиб қилди.

Муҳаммадсаид Мамасаидов, “Таҳрирчи” лойиҳасининг асосчиси, Инҳа университети 4-босқич талабаси:

— Бундан бир йилча олдин, “Таҳрирчи” лойиҳасини бошлагандим. Лойиҳа авваламбор ўзбек тилининг морфологияси ва грамматикаси бўйича эди, кейинчалик биз уни имло текширувчисига айлантирдик.

Бир кун қизиқиб қолганман: нега ўзбек тили учун имло текширувчи қилиш қийин? Умуман, туркий тиллар учун имло текширувчи қилиш анча қийин, лекин инглиз ёки рус тили учун бу нарса анча осон. Шунинг учун шу соҳа бўйича изланиш ва ўзбек тилига ўхшаш фин ва турк тилларининг тадқиқотларини кўриб чиқиб, ўзбек тилига мослашга қарор қилдим.

Ўзбек тили лингвистик жиҳатдан агглютинатив тил ва ундаги сўзлар қўшимчалар ҳисобига узайиб, кўплаб шаклларга киради. Бу эса компютер учун қийинчилик туғдиради. Мисол учун, инглиз тилида битта отнинг иккита шакли бор – бирлик ва кўплик. Ўзбек тилида эса битта отнинг 3000тагача шакли бўлиши мумкин. Бу жуда катта сон бўлади, буни қанақадир йўл билан самарали тарзда компютерга жойлаш керак.

Ҳозир бизнинг моделда 150-160 та аффикс бор, агар сиз шу аффиксларни ўрганмасдан туриб 160-170 та комбинация ясайдиган бўлсангиз, бу жуда катта ҳажм бўлади. Биз ҳар бир аффикснинг тилдаги ролини ўрганишга ҳаракат қилганмиз.

Клавиатурадан фойдаланганингизда у сизга сўзларни охиригача – қўшимчагача тугаллаб, хато қилсангиз хатони тўғрилаб бериши ҳам мумкин. Илова Android тизими учун яратилган ва котлин деган дастурлаш тилида ёзилган. Кейинчалик бунинг ўзбек тили модели эса бир нечта тилларда ёзилган – тилшуносликка оид тиллар ва C++. Охирида иккита тил бир-бири билан боғланиши керак бўлган.

Жасур Юсупов, Инҳа университетининг 4-босқич талабаси, “Таҳрирчи” жамоасида хатоликлар модели устида ишламоқда:

— Бизнинг лойиҳа сунъий интеллект билан ишлагани боис бизга жуда кўп рақамли матнлар керак бўлган, уларни йиғиш учун биз манба сифатида ижтимоий тармоқларда постлар остига қолдирилган изоҳлар, мессенжерларда очиқ гуруҳларда ёзилган суҳбатлашув хабарларидан фойдаланганмиз. Барча сўзлар базаси йиғилгач, уларни таҳлил қилганмиз. Хатоликлар модели бу ўзбек тилида хато ёзилган сўзларни тўғрилашга хизмат қиладиган модел бўлган.

Бизда Тошкент шевасида гапирадиганлар кўп – “келяпман” сўзининг ўрнига “кевомман”ни ишлатишади. Ёки “ишга” сўзини “iwga” тарзида ёзишади. Биз барча хато ёзилиши мумкин бўлган сўзлар базасини йиғганмиз, улар устида таҳлил олиб бориб, уларни тўғрилаб берувчи қонун-қоидалар ишлаб чиққанмиз.

Ясмина Аблаева: Инҳа университетининг 4-курс талабаси, жамоада UX/UI дизайнер:

— “Таҳрирчи” иловасининг дизайнини яратганман, иловадан фойдаланиш ҳамда таҳрирчи клавиатурасини ишлатиш қулайликлари борасида изланишлар олиб борганман.

“Таҳрирчи” жамоасига феврал ойида қўшилдим, биз “mGovAward” танловидан хабар топгач жамоа бўлиб йиғилдик. Дастурчиларимиз лойиҳанинг дастурий қисми билан ишлаётган пайтда, мен унинг дизайнини яратдим. Лойиҳага қандай ном беришни ҳам ўша пайт ўйладик ва “Таҳрирчи” деб аташга қарор қилдик.

Бозорда бир вақтнинг ўзида турли хил катта компанияларнинг – Yandex, Gboard каби клавиатуралари бизнинг фойдаланувчиларга ҳам кирилл алифбосидаги клавиатуралар тақдим қилади, лекин ундан фойдаланиш қийин, чунки кирилл алифбосида лотин алифбосидан кўра кўпроқ белгилар бор, уларнинг жойлаштирилиши ҳам аҳамиятга эга. Клавиатура дизайнини ишлаб чиқиш учун биз яқинларимиз, ота-оналаримизга клавиатурадан фойдаланишни таклиф қилиб кўрдик, улардан қайси ҳарф ёки белги қаерда турса, қулайроқ бўлишини сўрадик. Шундан сўнг якуний хулосага келдик. Кирилл алифбосида белгилар кўпроқ бўлгани учун тутуқ белгиси (апострофлар)ни қулайроқ жойга жойлаштирдик.

“Бизга ҳеч ким пул беришни хоҳламаган, лойиҳани ташлаб кетмоқчи бўлганман”

Муҳаммадсаид Мамасаидов:

— Шу йилнинг бошида лойиҳани ташлаб кетмоқчи бўлганман, чунки керакли маблағ топилмаган. Кўп жойларга мурожаат қилганман – Инновация вазирлиги, Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг жамғармаси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университети, Тошкент давлат педагогик институти.

Кейин шу кўрик-танловни кўриб қолдим. Бизнинг мақсадимиз мобил илова яратиш эмас эди, лекин танловда қатнашиш учун илова бўлиши керак. Қандай қилиб имло текширувчимизни клавиатурага айлантириш мумкинлигини ўйладик. Биринчи ечим – клавиатура. У оддий компютердаги имло текширувчидан катта фарқ қиларкан – у сўзларни тўғрилаши керак, башорат қилиши керак, умуман, фойдаланувчига қулай бўлиши учун кўп функциялар бўлиши лозим. Агар ютиб қолсак, грантни лойиҳага тикамиз, деб ният қилганмиз.

“Тилимиз мураккаблиги моделларимиз ҳажмини кенгайтириб юборган”

Жасур Юсупов:

— Энг катта қийинчилик ўзбек тилимизнинг мукаммал ва мураккаблиги учун моделларимиз ҳажми катталашиб кетганида бўлди. Чунки ҳар бир сўздан минглаб сўзларни генерация қилиш мумкинлиги ва сунъий интеллектда ишлайдиган дастурларимиз тезлигига модел ҳажми катталиги салбий таъсир қилган.

Ғолиблик…

Ясмина Аблаева:

— “mGovAward” танловига жамоамиз билан 6 ой давомида қатнашдик, айрим қийинчиликларга дуч келдик – код ёзиш, дастурлаш… Бир вақтнинг ўзида биз ўйладикки, иловани қандай қилсак кўпроқ одамларга етказиб кўпроқ фикр олиш мумкин? Иловадан университет талабалари фойдаланиб, камчиликларини айтишди, бу бизга катта ёрдам берди.

Танловнинг биринчи босқичидан 20та жамоа ўтган эди, финалга эса 7та жамоа. Ҳакамлар қайси жамоа қандай таклиф ва ечим бергани ҳамда қандай камчиликларга йўл қўйганини айтиб туришди. Уларнинг орасида жуда яхши иловалар бор эди – фақат уларни охирига етказиб фойдаланувчига тақдим қилиш қолганди.

“Ўзбек компютер лингвистикасининг экосистемасини яратмоқчимиз”

Муҳаммадсаид Мамасаидов:

Грант беришди бизга, энди лойиҳанинг веб-версияси ва Microsoft Office билан интеграция қилиш йўлларини кўриб чиқамиз. Ўзбек компютер лингвистикасининг экосистемасини яратмоқчимиз, нафақат имло текширувчиси, пунктуация текширувчиси ва ҳоказоларни ҳам ишлаб чиқамиз. Биз ҳозир асосини яратсак, бу лойиҳа катталашиб кетаверади.

Ясмина Аблаева:

Биз иловамизнинг веб-версияси ва iOS учун мўлжалланган клавиатурани ишлаб чиқишни режа қилганмиз. Қайси қурилмадан фойдаланишдан қатъи назар, фойдаланувчилар ушбу дастурдан фойдаланиб бехато ёзишлари мумкин бўлади.

Келажакда фақат орфографик хатоларни эмас, балки синтактик хатоларни аниқлайдиган функция қўшишни ҳам мақсад қилганмиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси Асадбек Курязов.

Мавзуга оид