19:07 / 30.07.2022
10653

Самарқандда ярим йил давомида алимент ундиришни ижро этиш ортидан МИБ 3782 та оилани яраштирди

​​​​​​​Суд ижро ишлари, алимент пулларининг ундирилиши ва шу каби бошқа ундирувлар доирасида Самарқанд вилоятида 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Меҳрож Насруллаев бюронинг вилоят бўлими қилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб, матбуот анжуманини онлайн кузатаётган фуқаролар ҳамда журналистларнинг айрим саволларига жавоб берди.

МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Меҳрож Насруллаев.

Қайд этилишича, вилоятдаги МИБ бўлимлари томонидан 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида 3,5 триллион сўмлик 327 минг 714 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган.

Алимент тўловчи қарздорлардан олти ой мобайнида 59,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент маблағлари ундириб берилиши таъминланган. Алимент қарздорлиги бўйича тўловларни махсус фонддан тўлаб бериш масаласида берилган саволга бошқарма бошлиғи батафсил жавоб берди.

М.Насруллаевнинг айтишича, президент топшириғига кўра, аллақачон муддати ўтган алимент қарздорликларини ёпиш учун 50 миллиард сўмлик фонд шакллантириб бўлинган. Фақат, айни вақтда ушбу фонддан тасарруф этилган маблағларнинг қайтарилиши масаласига ойдинлик киритиш устида иш олиб борилмоқда.

Бугунги кунда МИБ вилоят бошқармаси органлари иш юритувидаги алимент ва моддий таъминот ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 35 минг 256 нафар алимент тўловчи қарздорлар мавжуд.

Жорий йилнинг 6 ойида ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари натижасида алимент тўловчи қарздорлардан жами 59,5 млрд сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилиши таъминланган.

Бундай ижро ишлари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда қарздор ва ундирувчилар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида ўтган даврда 3782 та оила яраштирилиб, уларнинг тикланишига эришилган.

Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздорларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида ушбу тоифага кирувчи 1212 нафар ишсиз алимент тўловчилар ишга жойлаштирилиб, доимий бандлиги таъминланган ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларининг маълум миқдорига қаратилди.

Шунингдек, ушбу даврда алимент қарздорлигини тўлашдан мунтазам равишда қасддан бўйин товлаб келаётган 77 нафар қарздорлар жиноий жавобгарликка тортилган.

Kun.uz мухбирининг ноқонуний қурилишларни бузиш борасидаги ижро ҳужжатларини амалга оширишдаги қийинчиликлар, бу борада алоҳида бир тизим яратилиши кераклиги борасидаги саволи юзасидан бошқарма бошлиғи ўз фикрларини баён этди.

Чунончи, бошқарма бошлиғи чиндан ҳам бу борада чиқарилаётган суд қарорларининг ижросида борасида жуда катта муаммо борлигини таъкидлаб ўтиб, муаммони тизимли ҳал қилиш, зарурият туғилса қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш борасида таклифлар ишлаб чиқилаётганини айтиб ўтди.

Ярим йил давомида қарз ва зарарларни ундириш хусусида келиб тушган 2060 та мурожаатларнинг 967 таси қаноатлантирилиб, 687 нафар фуқароларнинг ҳуқуқи тикланган, 1079 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бу тоифа мурожаатларни кўриб чиқиш давомида фуқароларга 12,2 млрд сўм зарар ва қарздорликлар ундириб берилган.

Матбуот анжумани якунида бошқарма бошлиғи оммавий ахборот воситалари ва соҳа фаолиятини холисона ёритиш ва ҳамкорлик учун ташаккур билдириб, қонунчиликда белгиланган нормаларни аҳоли ўртасида тарғиб қилишда келгусида ҳам биргаликда ишлаш зарурияти борлигини қайд этди.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти.

Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Top