Жаҳон | 10:18 / 03.08.2022
6414
4 дақиқада ўқилади

АҚШ РФни маҳбусларни алмашиш бўйича «жиддий таклиф»ни қабул қилишга чақирди

Жон Кирбининг сўзларига кўра, Вашингтон Москвани маҳбусларни алмашиш таклифини қабул қилишга ундамоқда, чунки у «самимий» қилинган.

Фото: Zuma Press / Natthawat Wongrat

АҚШ Россияни маҳбусларни алмашиш бўйича «жиддий таклиф»ни қабул қилишга чақирди. Бу ҳақда 2 август, сешанба куни Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби баёнот берди.

«Биз жиддий таклиф қилдик» ва Россия томонини уни қабул қилишга чақирамиз, чунки у «самимий» таклиф ва Вашингтон «сўзини иш билан мустаҳкамлашга» қодир, деди Кирби. Унинг сўзларига кўра, АҚШ америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер ва BorgWarner компаниясининг хавфсизлик бўйича директори, жосусликда айбланган Пол Уиланнинг «уйига, оиласи ёнига қайтишини» истайди. Қўшма Штатлар ва РФ бу масала бўйича «ҳукуматлараро даражада қатъий ишламоқда», дея қўшимча қилди Кирби. У музокаралар тафсилотларини очиқлашдан бош тортди.

Аввалроқ, 1 август куни Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер брифингда Россия томони «жиддий бўлмаган қарши таклиф»ни илгари сурганини айтганди. 

ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти РФга Россияда сақланаётган икки америкалик - гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланган олимпия чемпиони Бриттни Грайнер ва жосусликда айбланган собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уиланни АҚШда қурол савдосида айбланиб, жазо муддатини ўтаётган РФ фуқароси Виктор Бутга алмаштиришни таклиф қилмоқда. 

Шу билан бирга, CNN телеканали 29 июль куни Москва АҚШдан Грайнер ва Уиланни Бутга алмашиш бўйича келишувга Берлинда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда айбдор деб топилган Вадим Красиковни ҳам қўшишни сўрагани ҳақида хабар берди. Унинг маълумотига кўра, РФ бу таклифни ФХХнинг норасмий каналлари орқали етказган, АҚШ эса уни «муаммоли» деб ҳисоблаган, бироқ Германияга сўров юборган. 
 
Москва кўп йиллар давомида америкаликлар ва АҚШ расмий вакилларини ўлдириш мақсадида тил бириктириш, ракета сотиб олиш ва сотишга уриниш ҳамда Колумбиянинг «Колумбия инқилобий қуролли кучлари» гуруҳи билан ҳамкорликда терроризмни қўллаб-қувватлашда айбдор деб топилган собиқ совет зобити Виктор Бутни экстрадиция қилишни талаб қилиб келади. Виктор Бут 2012 йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Вадим Соколов номига олинган сохта паспорт билан саёҳат қилган россиялик Вадим Красиков Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида Зелимхан Хангошвилини ўлдирган ва тез орада Германия полицияси томонидан ҳибсга олинган. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, айблов эса қотиллик Россия давлат идораларининг талабига биноан сиёсий сабабларга кўра содир этилганини билдирди. Хангошвили 2000-2004 йилларда иккинчи чечен урушида рус армиясига қарши курашган ва Москва унга душман сифатида қараган. Қотилликдан сўнг РФ президенти Владимир Путин у Москва метросидаги портлашлар ташкилотчиси эканини айтди, аммо ҳеч қандай далил келтирмади. 

Мавзуга оид