Жамият | 20:25 / 04.08.2022
15882
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: “Ниҳол” оромгоҳи 2022 йил ёз мавсуми июль ойининг “Энг яхши оромгоҳи” деб топилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги завод, бошқармалар ва ташкилотлар ҳамда Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ва унинг таркибидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ишчи-ходимларнинг фарзандларини ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Жорий йилнинг ёзги мавсуми давомида жамият тасарруфидаги Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Ёш алангачи”, Муборак газни қайта ишлаш заводига қарашли “Ниҳол”, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Беруний”, Шўртан газ кимё мажмуасига қарашли “Лочин”, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли “Нефтчи” номли болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 10 мингга яқин болаларнинг дам олишлари режалаштирилди.

Хусусан, ёзги мавсумнинг биринчи навбатида 2250 нафар, иккинчи навбатида 2784 нафар бола дам олишди. Мавсумнинг учинчи навбатида 2612 нафар болалар лагерларга қабул қилинди.

Оромгоҳнинг фидойи жамоасига, болалар учун барча шароитларни яратиб бераётган "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳамда Муборак газни қайта ишлаш заводига миннатдорлик тариқасида биринчи даражали диплом тақдим этилди.

Ушбу оромгоҳ Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида жойлашган бўлиб, бу ерда болаларнинг дам олишлари учун барча шароитлар яратилган, чўмилиш ҳавзалари, спорт мажмуалари, тўгараклар, кутубхоналар, маданий дам олиш учун мўлжалланган саҳналар мавжуд.

Шунингдек, ҳар хил маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар, оромгоҳнинг очилиш маросими, "Оромгоҳ маликаси", " Жажжи рақс маликаси", жонли ижро, шеърият кечалари, рақс қироли, билимдонлар беллашуви, қувноқлар ва зукколар беллашувлари, шоирлар ижодига бағишланган кечалар, сув байрами, либослар кўргазмаси, кулги куни, оромгоҳнинг ёпилиш маросими, спорт тадбирлари, рассомчилик, бадиий безак, моҳир қўллар ва шу каби бир қатор тадбирлар уюштириб келинмоқда. 

Ушбу тадбирлар болажонларнинг ўзига бўлган ишончи юксалишига, она Ватанимизга бўлган меҳри ортишига, дунёқараши ҳамда билим савиялари ўсишига катта туртки бўлиб келмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид