Фан-техника | 22:41 / 06.08.2022
53454
5 дақиқада ўқилади

“Ақлли” кўзойнак, сузувчи шаҳар ва дунёдаги энг енгил ноутбук – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Сузувчи шаҳар

Фото: Waterstudio/Dutch Docklands Maldives

Малдив ороллари пойтахти Мале шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудуддаги сув ҳавзаларида 20 минг кишини сиғдира оладиган сузувчи шаҳар қурилмоқда.

Ушбу лойиҳа Голландиянинг Waterstudio архитектура фирмаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 2009 йилда бошланган ва 2027 йилгача тўлиқ якунланиши кутилмоқда.

Сузувчи шаҳарда асосий транспорт воситаси сифатида қайиқлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ерда машиналар умуман бўлмайди, уларнинг ўрнига велосипед, электр самокат ва скутерлардан фойдаланилади.

Қурилаётган сузувчи шаҳардаги кўчмас мулк нархи 150 минг доллардан 250 минг долларгача баҳоланмоқда. Илк харидорлар 2024 йилда оролга кўчиб ўтишлари мумкин бўлади. 

Дунёдаги энг енгил ноутбук

Фото: aroged.com

Япониянинг Fujitsu компанияси оғирлиги 634 граммга тенг Lifebook WU-X/G2 ноутбукини тақдим этди.

Ноутбукнинг дисплейи 13 дюйм бўлиб, қурилмага Intel Core i5-1235U ёки i7-1255U процессори ўрнатилган. Fujitsu Lifebook ноутбукининг тезкор хотираси 32 ГБ, ички хотираси эса 256 ГБдан 2 ТБгача етказилиши мумкин. У Bluetooth 5.1 ва Wi-Fi 6 симсиз модуллари, SD-карталар учун тирқиш ва веб-камера билан жиҳозланган. 

Ноутбук корпуси углерод толасидан ишланган. У Windows 11 операцион тизимида ишлайди. 

Fujitsu Lifebook WU-X/G2 базавий модели нархи 1,3 минг доллардан бошланади. 

“Ақлли” кўзойнак

Фото: Xiaomi

Xiaomi компанияси видеотасвирга тушириш имкониятини берувчи Mijia Glasses Camera ақлли кўзойнакларини намойиш этди. Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, қурилма устида 2 йил иш олиб борилган.

Ақлли кўзойнак 50 мегапикселли кенг бурчакли камера, шунингдек, тасвирни 5 мартагача катталаштириш имкониятини берувчи 8 мегапикселли перископ телефото линзаси билан жиҳозланган. Қурилма 100 дақиқагача тўхтовсиз видеога олиши мумкин, аккумулятор қуввати 1020 мА/соат.

Mijia Glasses Cameraʼнинг тахминий нархи 375-400 долларни ташкил этиши мумкин.

Смартфонлар бозорида пасайиш кузатилди

2022 йилнинг иккинчи чорагида глобал миқёсда смартфонлар етказиб бериш 287 миллион донага қисқарган, бу 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бери қайд этилган энг паст чораклик кўрсаткичдир.

Ушбу даврда Samsung 61,8 миллион дона смартфон етказиб бериб, умумий бозорнинг 21 фоиз улушига эгалик қилган.

Аpple бозорнинг 17 фоиз улушини эгаллаб, 49,5 миллион дона смартфон етказиб берган. Кейинги поғоналарда Xiaomi, Oppo ва Vivo компаниялари қайд этилган.

Озиқ-овқат чиқиндиларидан цемент ишлаб чиқарилди

Фото: The University of Tokyo

Токио университети қошидаги Саноат фанлари институти олимлари қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун озиқ-овқат чиқиндиларидан фойдаланадилар. Бу усул фақат карам барглари ва апелсин пўстлоғи каби мева ва сабзавот қолдиқларидан цемент ишлаб чиқаришни назарда тутади. Тадқиқот натижалари умид бахш этмоқда: озиқ-овқат чиқиндиларининг самарали боғловчи модда экани исботланган.

Профессор Юя Сакаи раҳбарлигидаги тадқиқотчилар гуруҳи ёғоч кукунидан қурилиш материалларини тайёрлашда кенг қўлланиладиган «иссиқ пресслаш» усулидан фойдаланмоқда. Бунда денгиз ўтлари, карам барглари, апелсин, пиёз, қовоқ ва банан пўстлоғи қуритилади ва кукун ҳолатига келтирилиб, прессланади. Олинган цемент мустаҳкамлиги бўйича тижорий портланд цементдан қолишмаган. 

Токио университети жамоаси томонидан ихтиро қилинган усул қурилиш саноати ва иқлим ўзгаришига қарши курашга ҳам катта таъсир кўрсатиши мумкин. Агар технология кенг миқёсда жорий қилинса, инсоният анъанавий цементга боғлиқликдан қутулиши мумкин. Ҳозирги вақтда глобал карбонат ангидрид чиқиндиларининг қарийб 8 фоизи цемент ишлаб чиқариш саноати улушига тўғри келади. Шунингдек, ушбу усул иссиқхона газлари чиқиндиларининг энг катта манбаларидан бири бўлган озиқ-овқат чиқиндиларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Музейда экскурсия ташкиллаштирувчи робот

Россиянинг Promobot компанияси янги робот қўлланмасини ишлаб чиқди. Кенг лингвистик база туфайли робот ўзи ишлаётган жой ҳақида ҳамма нарсани билади ва бу маълумотларни унутмайди.

Қайд этилишича, роботлар муассасага янги ташриф буюрувчиларни жалб қилиши ва ходимларнинг ишини осонлаштириши керак.

Робот ўз йўриқномасида ҳам музей ходими, ҳам экспонат сифатида кўрсатилади. Янги технология бир қанча вазифани бажара олади: ўз экранида реклама материалларини кўрсатиш, меҳмонларнинг саволларига жавоб бериш, гуруҳларга музей экспонатлари ҳақида айтиб бериш.

Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий тармоқлар блокдан чиқарилди

Фото: Dado Ruvic / Reuters

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб Twitter, WeChat ва “Вконтакте”  ижтимоий тармоғига қўйилган тўсиқ олиб ташланди.

Расмий хабарга кўра, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилиши айтилган.

Маълумот учун, мазкур ижтимоий тармоқлар 2021 йилнинг 2 июл куни блоклаб қўйилган эди.

Мавзуга оид