Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг энг қизиқарли техно хабарларини жамлади.
Gemini – янада ақллироқ
Google ўзининг экспериментал сунъий интеллект моделининг янгиланишини тақдим этди. Gemini 2.0 Flash Thinking номли модел мураккаб саволларга қандай жавоб берганини тушунтириш қобилиятига эга. Яъни фойдаланувчи бирор саволга жавоб олгач, сунъий интеллектдан бу жавобни қандай қилиб тузганини батафсил сўраб олиши мумкин.
Gemini фойдаланувчилари 5 февралдан бошлаб янги моделни ишлата бошлашди. Шу кундан бошлаб YouTube, Google-қидирув ва Google-хариталар билан интеграциялаша оладиган яна бир версия ҳам тажриба тариқасида тақдим этилди.
Сунъий интеллект технологиялари дастурчиларнинг ишини осонлаштиряпти. Google эълон қилган янгиликлар қаторида пулли версия – Gemini 2.0 Pro моделининг экспериментал версияси ҳам бор. Бу модел код ёзиш ва математик вазифаларни ҳал қилишда аввалгисидан кўра ақллироқ иш тутади.
Маълумот учун, Google бу йил СИ тадқиқотларига 75 миллиард доллар ажратишни режалаштирмоқда, бу – 2023 йилдаги 32,3 миллиард доллардан анча кўп.
Жадвалдан – диаграммага
Google Sheets ва Gemini интеграцияси билан, эндиликда фойдаланувчилар жадвалдаги маълумотларни визуал шаклга ўтказишлари мумкин. Сунъий идрок жадвалдаги маълумотлар асосида трендларни таҳлил қилиб, диаграммалар ясай олади. Бу функция Google Workspace'нинг аксарият пулли тарифларига қўшилган. Қолаверса, ойлик тўлови 19,99 доллар бўлган Google One AI Premium обуначилари ҳам янги қулайликдан фойдаланишлари мумкин.
Gemini диаграмма ясашда жадвалдаги маълумотларни Phyton дастурлаш тилига ўтказади ёки оддий формулалардан фойдаланади. Ҳозирча бу функциянинг асосий камчиликларидан бири, яратилган диаграммалар статик бўлиб, жадвалдаги маълумотлар ўзгарганда автоматик янгиланмайди.





