Ўзбекистон | 15:46 / 09.08.2022
37307
6 дақиқада ўқилади

1,5 млн ойлик ва бошқалар — экология соҳасидаги тизимли муаммолар

Ваколати кам, арзимас маошга ишлаётган инспекторлар, соҳага бегона кадрлар, борлиги сезилмаётган Экопартия ва бошқалар – Ekologuz канали муаллифи, эколог Наргис Қосимова Kun.uz мухбири билан суҳбатда экология соҳаси муаммолари ҳақида сўз юритди.

“Экоинспекторларда ҳатто рация ҳам йўқ”

— Мен Жанубий Устюрт, Ҳисор қўриқхоналарида экоинспекторлар билан бирга юрганимда уларнинг қуроли йўқлигини кўриб ҳайрон қолдим. Уларга қурол берилмаган. Улар қандай қилиб қуролли браконьерларга қарши чиқиши мумкин. Бу жуда кулгили, шундай ҳолатда ҳам уларнинг жуда кўпчилиги сидқидилдан хизмат қилиб, жонини хатарга қўяди.

Иккинчидан, юқоридаги иккала қўриқхона экоинспекторлари оддий рация билан таъминланган. У ерда оддий мобил операторлар ишламагани сабаб экоинспекторлар сунъий йўлдош орқали ишловчи рация билан таъминланиши керак. Чунки масофа озгина узоқлашса, улар бир-бирини йўқотиб қўяди. Хавф туғилса, бир-бирининг олдига етиб келолмаслиги мумкин.

Экоинспекторларга айнан миллий гвардия, ички ишлар ходимларига берилган имтиёзларнинг ҳаммасини бериш керак деб ўйлайман. Чунки улар одам қўриқласа, экоинспекторлар ҳайвонот дунёсини қўриқлаяпти. Шунинг учун уларнинг ваколатларини кенгайтириш керак. Бундан ташқари, экоинспекторларнинг ойлиги ҳам жуда кам.

Яна бир муаммо – қўриқхоналарда дронлар етишмайди. Ҳамма қўриқхона ва бошқармаларга албатта дронлар бериш керак ва қўриқланадиган ҳудуд дронлар кузатуви остида бўлиши керак.

Ноёб ҳайвонлар яшайдиган ерларнинг ўзлаштирилиши

— Афсуски, Ўзбекистонда экология бошқармаларининг ҳокимликларга тиши ўтмайди. Натижада ҳокимликлар тадбиркорларга истаган ерини бўлиб беряпти. Бўлиб берилган ҳудудларда ёввойи жониворлар, Қизил китобга киритилганлари ҳам яшайди. Кўплаб аҳоли вакиллари нима учун тулки келиб, товуғимни еб кетди ёки илон уйимга кирди деб мурожаат қилади. Аслида одамлар ўша жониворларнинг уйида яшаяпти. Бизда ҳамма жой ўзлаштирилган бўлса, жониворлар қаердан овқат олади? Шунинг учун табиий муҳофаза қилинадиган ҳудудларни кўпайтириш керак.

Биргина Ёзёвон чўлини оладиган бўлсак, чўл ўзлаштирилиши натижасида у ерда яшаётган Қизил китобга киритилган, дунёнинг бирор жойида йўқ 5та эндемик калтакесак йўқолиб боряпти. Мутахассислар бу жараён 4-5 йил давом этадиган бўлса, тадбиркорларга ер ажратиб бериш тўхтатилмаса, ўша турдаги калтакесаклар умуман Ер юзидан йўқ бўлиб кетади дейишди.

Реабилитация марказлари ҳақида

— Умуман олганда, Ўзбекистонда экология соҳасига оид кўп ташкилотлар бор. Бизда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси кабилар бор. Лекин экология, Қизил китобга киритилган жониворлар, ёввойи жониворлар муҳофазасига оид муаммолар жуда кўп. Масалан, Ўзбекистонга кўплаб ҳайвонлар ноқонуний олиб кирилади. Улар божхона ходимлари томонидан ушланади. Хўш, бу жониворлар тақдири кейин нима бўлади?

Аслида улар жониворларни реабилитация қилиш марказига жўнатилиши керак. Бизда бундай марказнинг ўзи йўқ. Натижада уларни Тошкент ҳайвонот боғига жўнатишади. Лекин боғ директори кўп маротаба боғда ҳайвонлар кўпайиб кетгани, қўшимча жониворларни олишга имкон йўқлигини айтган. Вилоятлардаги ҳайвонот боғлари эса ўта абгор ҳолатда. Бизга ҳам шундай реабилитация марказлари керак.

Бу ерда яна бир мантиқсизлик бор: нега ҳайвонот боғлари, сайёр зоопарклар Маданият вазирлиги тасарруфига берилган?

“Экология соҳасида ишлаб юрган, лекин соҳани тушунмайдиган ходимлар бор”

— Экология соҳасига айнан экология факултетларини битираётган мутахассисларни олиш керак. Афсуски, тизимда “осмондан тушиб қолган” кадрлар кўп. Аксарият ҳолатда экоинспектор лавозимига умуман бошқа соҳа одамлари олинади. Бу – “перевалочный пункт”, яъни бошқа ишга ўтиб олиш учун қулай жой бўлиб қолган.

Самарқандда ҳам, Қашқадарёда ҳам бир хил ҳолатга гувоҳ бўлдим: Экопартияга ўзи нима учун кирганини билмайдиган одамлар бор. Фақат ўша ерда юриб, номидан фойдаланишни мақсад қилганлар бор. Фақат одамлар сонини кўпайтириш эмас, энди сифат учун ҳам ишлаш керак.

“Экопартия реал муаммоларни кўтариши керак”

— Экопартияга келадиган бўлсак, Экопартиянинг халқ орасидаги нуфузини ошириш керак, бунинг учун партия фақат PR билан шуғулланмасдан, айнан жойлардаги реал муаммоларни кўрcатиши керак. Чунки одамлар ҳозир экопартияга нисбатан ҳам жуда салбий фикрга бориб қолишган.

Мен ўзим уларнинг қилаётган ишларини биламан. Лекин реал равишда уларнинг қилаётган иши унчалик кўринмаяпти. Энг асосийси, Экопартия жамоатчиликда экологияга бўлган муносабатни ўзгартириши керак. Чунки жамоатчиликни жонлантиришда уларда маблағ ҳам, куч ҳам етарли. Экопартия экологияни асраш бўйича ўқув семинарлари ташкил қилиши, ходимларининг онгини ўзгартириши керак.

Ҳар бир ташкилотда экологик ёшлар қанотини ташкил қилиш ҳам зарур. Бу ёғига экологик муаммолар кўпаяверади ва жиддийлашаверади.

Бошқарувни ихчамлаштириш

— Бизда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бор. Улар ягона Давлат экология қўмитаси сифатида бирлаштирилиши лозим.

Бундан ташқари, ҳайвонот боғларини ҳам Маданият вазирлиги тасарруфидан чиқариб, ўша қўмитага киритиш керак. Бирлаштирилган Экоқўмита эса бевосита Сенатнинг назоратида бўлиши зарур.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид