Олтиариқ тумани Қапчуғай қишлоғида жойлашган кўп қаватли уйлардан чиқадиган канализация суви Фарғона канали ифлосланишига сабаб бўляпти. Бадбўй ҳид яқин атрофда яшовчи аҳолининг саломатлигига таъсир қилишни бошлаган. Kun.uz мухбири аҳоли вакиллари ва расмийлар билан суҳбатлашди.

“Оғриқли масала бўйича кўп жойларга мурожаат қилганмиз, лекин бирон ташкилот келиб жиддий шуғулланмади. Ўрганганлари эса қоғозда қолиб кетди.

Бу ерда ёшлигимиздан чўмилиб улғайдик. Мана бу ифлос бўлиб кетган ариқни Олтиариқда билмаган одам бўлмаса керак. Ёшлигимизда бу ариқда чўмилиб, сувига нон ботириб еган пайтларимиз бўлган.

Азизжон Қодиржонов

Уйда туришнинг иложи йўқ. Деразани очсак, бадбўй ҳид уйга кириб кетади. Ёш болаларим бор. Боғчага олиб кетаётсам, бадбўй ҳидни ёш бола ҳам билади-да. “Дада, ойнани кўтариб қўйинг” дейди. Бировнинг чиқинди сувини аҳоли ичига оқизиб юбориш қанчалик тўғри?! Чиқмаган жойимиз қолмади. Ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Ҳолатни ўрганиш учун депутатлар, ҳокимликдан одамлар келди, лекин масала ҳал бўлмаяпти. Қачондир канализация тизими ташкил қилиниб олиб кетилади деган гап бор, лекин унгача чидаб бўлмайди-ку”, дейди Азизжон Қодиржонов.

Бадбўй ҳид қишда ҳам билинади

“Мана шу домлар қурилиб, битгандан кейин, канализация ҳиди чиқишни бошлади. Бу ерда мана қанча аҳоли бор. Каналга яқин ҳудудда туман юқумли касалликлар шифохонаси бор. Касалхонага келганлар анча-мунчаси даво топиб, ҳидидан яна қўшимча касаллик орттириб кетяпти ўша ёққа қараб шабадаси урганлиги учун.

Шавкат Мухторов

Канализация, бадбўй ҳид атрофга қараб кетяпти. Бундан ташқари, домнинг чиқинди суви каналга тушяпти. Бу каналда сув бир ҳафтада икки кун, уч кун келади. Унгача барибир бу ерда димланиб, яна ҳам концентрацияси ошиб, микроблар, бошқа нарсалар ҳам чиқяпти. Бунинг орқасидан яна қанча-қанча касаллик тарқаяпти. Бадбўй ҳид ҳатто қишда ҳам билинади”, дейди Шавкат Мухторов.