“Ҳаёт синовлари олдида спортдаги қийинчиликлар ҳеч нарсамас” — парадзюдочи чемпион қизлар
Хосиятхон Фозилжонова ва Муҳаррамой Абдусаматова кўзлари ожиз бўлишига қарамасдан спортнинг парадзюдо тури бўйича юқори натижаларни қўлга киритиб келишмоқда. Улар нотўғри ташхис оқибатида болалигида кўз нуридан айрилишган.
Спортчилар парадзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлишган ва бошқа қатор мусобақаларда муносиб иштирок этиб келишмоқда.
Хосиятхон Фозилжонова ҳаёти давомида учраган қийинчиликлари ва спортга кириб келиши ҳақида сўзлаб берди:
“Аслида бу ерга келишимга синфдошим сабабчи бўлган. У уйимизга келиб, Андижон шаҳрида кўзи ожизлар учун дзюдо спорт турини ўргатишаётганини айтди. Биз келдик. Бизни Шокир ака Исомиддинов кутиб олди ва шундан бери шу ерда шуғулланамиз.
Кўпчилик кўзи ожиз бўлса, нима ҳам қила олади, қўлидан ҳеч нарса келмайди, дейишади. Ҳаттоки ўзимга ҳам ногирон бўлсанг, уйда ўтирсанг бўлмайдими, сени етаклаб боришга кимнинг вақти бор, дейдиганлар ҳам бўлган.
Баъзида кўзим ожиз бўлиб қолганидан тушкунликка тушиб, барчасини ташлаб кетгим келади. Лекин бундай ҳолатлардан устозим берадиган мотивация туфайли чиқиб кетаман”.
Муҳаррамой Абдусаматова умидсизликка тушмаслик, мағлубият алами ва эришаётган ютуқлари ҳақида гапириб берди:
“Имкониятимиз чеклангани учун усулларни бажаришимизда қийинчиликлар бўлади. Кунига икки маҳал шуғулланаман. Ҳаёт қийинчиликлари олдида спортдаги қийинчиликлар ҳеч нарса эмас.
Мендай кўзи ожиз, имконияти чекланганлардан тушкунликка тушмасликларини сўраган бўлардим. Доимий ҳаракат қилишдан тўхташмасин, дердим.
Икки карра Ўзбекистон чемпиониман, университетда 4-босқич талабасиман. Ота-онам доим мени қўллаб-қувватлайди. Шунинг ўзи менинг ютуқларим.
Туркияда бўлган мусобақадаги мағлубиятда жуда ҳам алам қилган. Худди бутун Ўзбекистон ортимдан қараб тургандай ҳис қилганман”.
Хосиятхон оилавий шароити, йўлкира учун ҳам пул топа олмай қолаётган вақтлари ва унга ёрдам бераётганларга тўхталиб ўтди.
“Оилада қийинчилик бўлади. Баъзида келиб-кетишга шароит кўтармай қолади. Дадам ва укам иккинчи гуруҳ ногирони. Баъзан йўлкира учун ҳам пул топа олмай қоламан. Мана шундай пайтларда мураббийим йўлга чиқаверинг, ўзим кутиб оламан, деб йўлкирамгача беради”.
Ҳар икки спортчининг ҳам келажакдаги орзуси – Олимпиада, Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиш.
Кўзи ожиз бўлишига қарамай маррани катта олиб, ўз олдига улкан мақсадларни қўяётган бу икки қаҳрамонимизнинг орзулари ушалишига тилакдошмиз.
Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.
Мавзуга оид
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
13:43 / 19.10.2024
Тошкентда ҳарбийлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди
18:09 / 13.09.2024
Андижонда ўқувчиларни жазо сифатида ўтириб-турғазган ходимга чора кўрилди
14:38 / 12.09.2024