Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ ўз ядровий қуроллари АҚШ томонидан текширилишини тўхтатди
Россия АҚШ томонидан ўз ядровий иншоотлари текширилиши тўхтатилганини эълон қилди. Бундай текширувлар Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган.
Россия АҚШ томонидан ўз ядровий арсенали текширилишини тўхтатди. 8 август, душанба куни РФ ТИВда маълум қилинишича, Россия «шартнома бўйича текширувлар ўтказиладиган объектларни СҲҚ шартномаси бўйича текширувдан вақтинчалик олиб қўяди».
Россия ТИВ ўз қарорини Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар ва коронавирус пандемияси билан изоҳлади. Шу тариқа, вазирлик кўплаб мамлакатларнинг ҳаво ҳудуди «Россия текширув гуруҳларини етказиб берадиган Россия самолётлари учун ёпиқ» эканлигини билдирди. Бу, Россия томонининг фикрича, «АҚШ учун бир томонлама афзалликларни яратади ва Россия Федерациясини Америка ҳудудида текширувлар ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилади».
Бундан ташқари, РФ ТИВ коронавирус пандемияси туфайли юзага келган «оғир эпидемиологик вазият»га ишора қилиб, бундай шароитда томонлар Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартнома (СҲҚШ) доирасида текширув фаолиятини қайта бошлаш уринишидан воз кечиши кераклигини билдирди.
Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартнома АҚШ ва Россия ўртасида қурол назорати бўйича бир вақтлар кенг қамровли шартномалар тизимининг қолган ягона элементидир. Бу келишув, хусусан, узоқ масофали ракеталар каби стратегик ядровий қуроллар сонини чеклайди. СҲҚШга кўра, ҳар бир давлат 800 тадан ортиқ ядровий қурол ташувчисига ва 1550 тадан ортиқ каллакка эга бўлиши мумкин. 2021 йилнинг февралида АҚШ президенти Жо Байден ва унинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин келишувни (СҲҚ-3) 2026 йилгача узайтирди.
Шартнома Вашингтон ва Москванинг ядровий қуролларни ўзаро текширишини назарда тутади. Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилнинг март ойидан бошлаб текширувлар тўхтатилган.