Жаҳон | 09:54 / 10.08.2022
9315
3 дақиқада ўқилади

РФ Малига бир нечта жанговар самолёт ва вертолётларни топширди

Шимолий Африка давлати Москвадан бир нечта L-39 ва Су-25 қирувчи самолётларини, шунингдек, Ми-24П ва Ми-8 жанговар вертолётларини ҳамда CASA С-29 тактик транспорт самолётларини олди.

Фото: Picture Alliance

Мали Россиядан бир нечта L-39 ва Су-25 қирувчи самолётлари, шунингдек, Ми-24П ва Ми-8 жанговар вертолётлари ҳамда CASA С-29 тактик транспорт самолётларини олди, деб ёзади Россиянинг РИА «Новости» давлат ахборот агентлиги. Ўз навбатида, Франциянинг AFP агентлиги бешта самолёт ва битта вертолёт топширилгани ҳақида хабар беради. 9 август, сешанба куни мамлакат пойтахти Бамакодаги халқаро аэропортда Россиянинг Малидаги элчиси Игор Громико иштирокида ўтказилган тантанали маросимда Малининг муваққат президенти Ассими Гоитага ҳарбий техника топширилди.

Маросимда ҳам иштирок этган Мали мудофаа вазири Садио Камара Россия билан ҳамкорликни ўзаро манфаатли деб атади. Март ойида ҳам Москва бир нечта жанговар вертолётлар ва бошқа турдаги қуролларни Малига топширган. 

2021 йил май ойида Малидаги ҳарбий тўнтаришдан буён ғарбий Африкадаги ушбу ўта беқарор давлатни ҳарбий хунта бошқармоқда, у Россия билан яқин алоқада ва жангчилари мамлакатда «ҳарбий маслаҳатчилар» деб аталадиган «Вагнер» ХҲК хизматларидан фойдаланади.

Шу билан бирга, БМТнинг Малидаги тинчликпарвар кўп қиррали интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси (МИНУСМА) иши Мали ва унинг халқаро ҳамкорлари ўртасидаги кескинлик, мамлакатда экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар туфайли мураккаблашган. 

Бундан олдин БМТ экспертлари томонидан гувоҳлар кўрсатмаси асосида тайёрланган ҳисоботда 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакилининг ўлимида Мали армияси ва «оқ танли аскарлар» айбдор экани хабар қилинганди.

Гувоҳлар кўрсатмасига асосланган БМТ ҳисоботига кўра, Мали ҳукумати номидан ҳаракат қилган аскарлар инқирозга юз тутган мамлакатда 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакилини ўлдирган. Ҳисоботда жиноятчилар гувоҳлар томонидан «оқ танли аскарлар» сифатида тасвирланган.

Мали ҳарбий хунтаси хизматида бўлган Россиянинг «Вагнер» ХҲК БМТ ҳисоботида тўғридан тўғри тилга олинмаган, аммо экспертлар гувоҳлар томонидан тасвирланган аскарлар бу ҳарбий тузилма жангчилари эканига шубҳа қилмаяпти. Хусусан, жиноят вақтида Россия армияси захираларида бўлган арқонлар қўллангани ҳам шундан далолат беради. 

Мавзуга оид