Жаҳон | 09:00 / 10.08.2022
10965
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Ғарбни барча россияликлар учун чегараларни ёпишга чақирди

Россияликлар «фалсафасини ўзгартирмагунча ўз дунёсида яшаши керак», деди Украина президенти The Washington Post нашрига интервьюда.

Фото: Picture Alliance

Ғарб давлатлари барча россияликларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлаши керак. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 8 август, душанба куни чоп этилган he Washington Post газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Россияга қарши илгари киритилган барча санкциялар Россия фуқаролари учун чегараларни бир йилга ёпиб қўйиш ва Россия энергия ташувчиларини сотиб олишга тўлиқ эмбарго жорий этилиши билан солиштирганда «заифдир». 

«Энг муҳим санкциялар чегараларни ёпишдан иборатдир, чунки руслар чет эл ҳудудларини эгаллаб олишмоқда, - деди Зеленский. - Улар фалсафасини ўзгартирмагунча ўз дунёсида яшасин».

Шу билан бирга, Украина президенти бу чора Украинадаги уруш билан келишмовчилик туфайли мамлакатни тарк этган россияликларга ҳам таъсир қилиши кераклигини таъкидлади. «Қайси руслар ҳақида гап кетмасин, уларни Россияга қайтариб юбориш керак. Ўшанда улар тушунишади. «Бу урушнинг бизга алоқаси йўқ. Бутун аҳоли жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, шундай эмасми?» дейишади. Бу аҳоли мана шу ҳукуматни танлаган ва унга қарши курашмаяпти, у билан баҳслашмаяпти, унга бақира олмаяпти», — деди Зеленский.

Зеленскийнинг таклифларини шарҳлар экан, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «бу ҳолатда фикрлашнинг мантиқсизлиги миқёсдан чиқиб кетганини» айтди. «Бунга фақат ўта салбий муносабатда бўлиш мумкин. Россияликларни яккалаб қўйиш ёки Россияни яккалаб қўйишга бўлган ҳар қандай уриниш ҳеч қандай истиқболга эга бўлмаган жараёндир», - деди у.

Песковнинг сўзларига кўра, «Россияни жазоламоқчи бўлган» Европа давлатлари аллақачон «бунинг учун тўловларни фаол тўламоқда». «Эртами-кечми, бу давлатлар ҳам Зеленский ҳамма нарсани тўғри қиляптими, бизнинг фуқароларимиз унинг инжиқликлари учун пул тўлаши керакми, деб савол билан чиқишади», деди Кремль матбуот котиби.

Бир қатор Евроиттифоқ давлатлари Россия фуқароларига визалар беришни тақиқлаш имкониятини фаол муҳокама қилмоқда. Хусусан, Эстония, Латвия ва Финландия аллақачон бундай ташаббус билан чиққан. Февраль ойи охирида ЕИ Россия билан соддалаштирилган виза режимини тўхтатди. Шу билан бирга, Еврокомиссия россияликларга визалар беришни тўлиқ тўхтатишни рад этди, чунки бу ЕИ нормаларига зиддир.

Евроиттифоқда хорижликларга, шу жумладан россияликларга қисқа муддатли Шенген визаларини беришни тақиқловчи ҳеч қандай қонуний қоида йўқ, деди сешанба куни Еврокомиссия (ЕК) матбуот котиби Анита Хиппер. Бироқ, унинг сўзларига кўра, «аъзо давлатлар ўзларининг миллий қонунчилиги доирасида узоқ муддатли визалар ёки яшаш учун рухсатномаларни беришни чеклаш ёки тўхтатиш имкониятига эга». «Шу билан бирга, қисқа муддатли визалар беришни тартибга солувчи виза кодексида уларни тақиқлаш тартиб-таомиллари назарда тутилмаган», — деди Хиппер Брюсселдаги матбуот анжуманида.

«Ҳар доим визалар берилиши керак бўлган одамлар тоифалари бўлади. Масалан, гуманитар ишларда. Шунингдек, оила аъзолари, журналистлар ёки диссидентлар учун», - дея тушунтирди у. Шу билан бирга, ЕК вакили «аъзо давлатлар қисқа муддатли виза олиш бўйича ҳар бир сўровни муайян вазиятдан келиб чиқиб кўриши керак», дея аниқлик киритди.

Мавзуга оид