Латвия Сейми Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб эълон қилди
Латвиялик депутатлар Москвани Украина халқини қўрқитиш ва руҳий тушкунликка туширишга уринаётганликда айблаб, ЕИ давлатларини руслар ва беларусларга виза беришни дарҳол тўхтатишга чақирди.
Латвия Сейми депутатлари 11 август, пайшанба куни Россияни терроризм ҳомийси бўлган давлат деб эълон қилиш тўғрисидаги баёнотни қабул қилди. Баёнотдан парчалар мамлакат парламенти сайтида чоп этилган.
«Сейм Россиянинг тинч аҳолига нисбатан сиёсий мақсадларда амалга оширилаётган зўравонлигини терроризм, Россияни эса терроризм ҳомийси бўлган давлат сифатида тан олади ва бошқа ҳамфикр давлатларни ҳам шундай баёнот беришга чақиради», — дейилади ахборотда. Латвиялик депутатлар, шунингдек, Евроиттифоқ давлатларини Россия ва Беларус фуқароларига сайёҳлик ва кириш визаларини беришни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
«Россия ўзининг ноқонуний, тажовузкор уруши мақсадларига эришиш учун Украина халқи ва қуролли кучларини қўрқитиш ҳамда руҳий тушкунликка туширишга, Украинани босиб олиш учун давлат фаолиятини фалаж қилишга интиляпти, яъни Россия ушбу зўравонликни сиёсий мақсадларга эришиш учун содир этяпти», - деди Сейм ташқи ишлар комиссияси раиси Рихард Колс.
AFP агентлигига кўра, Россиянинг Украина аҳолисига қарши ҳаракатлари ҳужжатда «мақсадли геноцид» деб номланади.
Май ойида Литва Сейми Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб киришини геноцид, Россиянинг ўзини эса терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида тан олди. Июль ойи охирида The New York Times газетаси АҚШ Вакиллар палатаси аъзоларидан иборат икки партияли гуруҳ Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этгани ҳақида хабар берди. Агар АҚШ Конгресси томонидан қабул қилиниб, қонун кучга кирса, бу чора АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг қаршилигини четлаб ўтиш ва РФ аллақачон Шимолий Корея, Сурия, Куба ва Эронни ўз ичига олган рўйхатга киритиш имконини беради.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат деб эълон қилган тақдирда, АҚШ билан дипломатик муносабатлар узилиши ҳақида маълум қилди.
Мавзуга оид
00:33 / 09.10.2024
Латвия мудофаа харажатларини қоплаш мақсадида банклар учун солиқ жорий этади
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
22:05 / 05.10.2024