Жаҳон | 15:38 / 11.08.2022
13289
4 дақиқада ўқилади

Хитой: Пелоси ташрифи туфайли Тайванда бошланган ҳарбий машғулотлар якунланди

Пекиндагилар АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи муносабати билан орол атрофида Хитой қуролли кучлари бошлаган ҳарбий машғулотлар якунига етганини маълум қилди.

Машғулотлардаги Хитой авиацияси. Фото: GETTY IMAGES

Пекин Тайван ҳудуди ва унинг ҳукуматини бошқармасада, оролни Хитой ҳудуди сифатида кўради, Пелоси хонимнинг ташрифи эса ХХР расмийларининг ғазабини келтирганди.

Шундан сўнг Хитой ТИВ юқори мартабали америкаликнинг ташрифи ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга дахл қилиш сифатида қаралишини маълум қилди ва ҳарбийлар манёврларни бошлашди.

Чоршанба куни Пекин манёврлар якунлангани ҳамда денгиздаги ва ҳаводаги машғулотлар муваффақиятли ўтганини маълум қилди.

Тайван ҳукумати Хитойни манёврлар ниқоби остида босқинга тайёргарлик кўришда айблаган.

Орол ҳукумати Пекиннинг нафақат Тайван устидан, балки Хитой устидан ҳокимиятини ҳам тан олмайди. Пекин эса Тайванни халқаро изоляцияда қолдиришга эришишни мақсад қилган.

Нэнси Пелоси 1990-йиллардан буён оролга ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик сиёсатчи бўлди. У Хитойнинг огоҳлантиришларига қарамай бу ишни қилди ва минтақадаги вазият кескинлашувига сабабчи бўлди.

Пелоси Тайван президенти Сай Инвэн билан учрашди. Фото: Getty Images

Ўт очишлар билан кечган манёврлар чоғида хитойликларнинг кемалари сув ости кемалари ва денгиздан қилинган ҳужумга қарши амалиётлар ўтказиш устида ишлаган.

Хитой Халқ-озодлик армияси баёнотида бундан кейин ҳам «Тайван бўғозида мунтазам равишда ҳарбий тайёргарликни текшириш орқали патруллик давом этиши» ваъда қилинган.

Тайван мудофаа вазирлигига кўра, чоршанба куни бўғозда хитойликларнинг 36 дона ҳарбий самолётлари ҳамда 10 та кемаси патруллик қилишда давом этган.

Босқин рўй бериши мумкинми?

Чоршанба куни Хитойнинг Тайван масаласи бўйича бошқармаси орол ҳарбий йўл билан босиб олиниши сценарийсини истисно қилишдан бош тортди.

«Айирмачи унсурлар ёки ташқи кучлар «қизил чизиқларимиз»ни кесиб ўтса ва провокация бўлса, биз кескин чоралар кўришга мажбур бўламиз», дейилади Пекиннинг 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги Тайван бўйича илк батафсил стратегиясида (ҳужжат ҳам чоршанба куни эълон қилинган).

Стратегияда Пекиннинг орол қўшиб олинган тақдирда у ерга қўшинлар жойлаштирмаслик ва оккупация маъмурияти ўрнатмаслик бўйича эски ваъдалари эслаб ўтилмаган. Бу шуни англатиши мумкинки, Пекин оролни эгаллаб олса, Тайванга мухторият бермоқчи эмас.

Вашингтон нега керак?

Сўнгги сўровларга кўра, тайванликларнинг аксар қисми ҳар қандай ҳолатда ҳам коммунистик Хитойга қўшилишга қарши.

Тайван АҚШ, Европа ва Осиёдан келувчи барча хорижлик амалдорлар ташрифини қутлайди, уларнинг ташрифлари Хитойдан ҳимоя кафолати сифатида кўрилади.

Шунга қарамай, Тайван ҳукумати мамлакатнинг муҳим иқтисодий ҳамкори бўлиб қолаётган Хитой билан зиддиятни кучайтирмоқчи эмас ва бундай ташрифларни чеклашга уринмоқда. Бундан ташқари, Хитойнинг материкдаги қисмида миллиондан ортиқ тайванликлар яшайди.

Тайван Хитойнинг бирлашиш ҳақидаги талабларини рад этади, бироқ орол қуролли кучлари АҚШ ёрдамисиз қудратли қўшнисининг эҳтимолий тажовузига қарши тура олмайди. Шу боис орол расмийлари босқин рўй берган тақдирда зарур қуролларга эга бўлиш учун Вашингтон билан муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Мавзуга оид