АҚШ Конгресси иқлим ҳимояси ва инфляция назорати бўйича 434 млрд долларлик пакетни қабул қилди
АҚШ Вакиллар палатаси Сенатдан кейин инфляцияни пасайтириш, энергия хавфсизлигини таъминлаш ва иқлимни ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар пакетини маъқуллади. Пакетнинг Конгресс томонидан қабул қилиниши Байден учун катта ғалабадир.
АҚШ Сенати томонидан энергия хавфсизлигини таъминлаш, инфляцияга қарши курашиш ва иқлимни ҳимоя қилишга қаратилган кўп миллиард долларлик чора-тадбирлар пакети қабул қилинганидан бир ҳафта ўтиб, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси ҳам ушбу дастурни маъқуллади. 12 август, жума куни 220 нафар конгрессмен демократлар томонидан тайёрланган умумий қиймати 434 млрд долларлик пакетга овоз берди, 207 нафари қарши чиқди.
«Бу америкалик оилалар учун ажойиб ғалаба», деди Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва қонунни «вақт синовидан ўтадиган ҳамда оилалар гуллаб-яшнаши ва сайёра омон қолишини таъминлайдиган мустаҳкам харажатлар пакети» деб атади.
Пакетнинг энг катта қисми – қарийб 370 млрд доллар энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва иқлимни муҳофаза қилиш, шунингдек, бир қатор солиқ имтиёзларини беришга йўналтирилади. Яна 64 млрд соғлиқни сақлаш ташаббусларига, хусусан, дори-дармонлар нархини пасайтиришга йўналтирилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси корпорациялар учун солиқ назоратини кучайтиришни назарда тутади.
АҚШ Сенати 7 август куни узоқ давом этган мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини маъқуллади, уни 101 кишидан 51 нафари қўллаб-қувватлади, ҳал қилувчи овоз АҚШ вице-президенти Камала Харрис томонидан берилди. АҚШ президенти Жо Байден яқин кунларда уни имзолаши кутилмоқда. Пакетнинг АҚШ Конгресси ҳар икки палатаси томонидан қўллаб-қувватланиши Байденнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар олдидан муҳим ғалабаси сифатида баҳоланмоқда. Республикачилар, шунингдек, баъзи демократлар узоқ вақт ушбу пакетнинг қабул қилинишига кескин қарши бўлиб келганди.
Демократлар қонуннинг қабул қилиниши уларга Конгрессдаги кўпчилик ўринни сақлаб қолиш имконини беради, деб кутмоқда. Байден бир ярим йил аввал ҳокимиятга келганида катта ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганди, бироқ ҳозиргача уларни амалга ошира олмади.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024