Жаҳон | 17:52 / 15.08.2022
4728
2 дақиқада ўқилади

Америкалик баскетболчи Россия суди ҳукми устидан шикоят қилди

Фото: AP

Химки шаҳар суди Бритни Грайнерни гиёҳванд моддалар контрабандасида айблаб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳимоячилар спортчини оқлашни ёки жазони енгиллаштиришни сўрашмоқда.

Химки шаҳар суди томонидан гиёҳванд моддаларни сақлаш ва контрабанда қилишда айбланиб 9 йилга озодликдан маҳрум этилган америкалик баскетболчи Бритни Грайнер апелляция шикояти берди. Бу ҳақда 15 август, душанба куни Россия ОАВ спортчининг адвокатлари Марина Благоволина ва Александр Бойковга таяниб хабар қилган.

Ҳимоячилар суддан оқлов ҳукми чиқаришни ёки энг қуйи чегарадан пастроқ жазо тайинлашни сўраган. Апелляция аризасини кўриб чиқиш санаси ҳали эълон қилинмади. Бритни Грайнерга ҳукм 4 август куни чиқарилганди.

Июль ойи охирида - Грайнер устидан ўтказилган суд жараёни тугагунига қадар - АҚШ ва Россия уни ҳамда жосусликда айбланган Пол Уиланни 2012 йилда АҚШда ноқонуний қурол савдосида айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум этилган россиялик тадбиркор Виктор Бутга алмашиш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинди.

Август ойи бошида АҚШ президенти маъмурияти Россия алмашинув бўйича қарама-қарши таклиф билан чиққани ҳақида хабар берди, бироқ Оқ уй уни жиддий бўлмаган таклиф деб рад этди. Ушбу таклифнинг аниқ тафсилотлари келтирилмаган. 

Илгари, Россияда судланган чет эл фуқаролари РФ президенти афв этиш ҳақидаги илтимосномаларини имзолаганидан кейингина алмаштирилган ҳолатлар кузатилган. 

Мавзуга оид