Жаҳон | 10:46 / 15.08.2022
9128
3 дақиқада ўқилади

Германия энергетика инфратузилмасига ҳужумлар содир этилиши мумкин - ИИВ раҳбари

Экстремистлар Россия энергия ташувчилари таъминоти билан боғлиқ можаро ва қиш ҳақидаги хавотир кучайиб бораётганидан ўз мақсадлари учун фойдаланиши мумкин, дейди Германия ИИВ раҳбари Нэнси Фезер.

Фото: Picture Alliance

Россия энергия ташувчиларини Европага етказиб бериш бўйича давом этаётган можаро ва Германияда яқинлашиб келаётган иситиш мавсуми муносабати билан хавотир кучайиши фонида, энергетика соҳаси объектларига ҳужумлар юз бериши мумкин. «Биз газ терминаллари ва бошқа муҳим инфратузилмаларга эҳтимолий ҳужумларга тайёр бўлишимиз керак», деб огоҳлантирди Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер 14 август, якшанба куни Bild am Sonntag газетасига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, Берлин «энергетика секторига мақсадли ҳужумлар ёки экстремистлар коронавирус инқирози даврида бўлгани каби қонуний норозиликдан ўз мақсадлари учун фойдаланишга уриниши» эҳтимолини тан олади. Шу билан бирга, оммавий норозилик ва тартибсизликлар кутилмаяпти, дея таъкидланади қўшимча равишда.

Шу билан бирга, Фезер ички хавфсизлик соҳасида бюджетни қисқартирилмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Аксинча, федерал полиция бу йил 1000 та янги иш ўрни яратди, дея қўшимча қилди у. Германия ИИВ раҳбари, шунингдек, Украинага қарши кенг кўламли уруш олиб бораётган РФдан таҳдид Германиянинг ички хавфсизлик сиёсатида ўзгаришларга олиб келганига эътибор қаратди. «Биз ўзимизни Россиянинг кенг кўламли дезинформация кампаниялари ва киберҳужумларидан ҳимоя қилишимиз керак», деди у.

Фезер Германия хавфсизлик кучларининг ушбу соҳадаги муваффақиятли ишини таъкидлади: Украинада уруш бошланганидан бери Россиянинг немис тизимларига бирорта ҳам муваффақиятли йирик киберҳужуми содир бўлмаган. 

РФнинг Украинага қарши бошлаган урушига жавобан, Евроиттифоқ Россия энергия ташувчилари таъминотини кескин чеклаб қўйиб, РФдан кўмир импортини тақиқлади, шунингдек, нефть етказиб беришни қисқартирди. Бундан ташқари, ЕИ давлатлари ва Брюссел Россия газидан босқичма-босқич воз кечиш чораларини кўрмоқда. Ўз навбатида, «Газпром» бир томонлама равишда ЕИ бир қатор мамлакатларига маҳсулот етказиб беришни тўхтатди ва бошқа баъзи мамлакатларга, хусусан, Германияга газ экспорти ҳажмини сезиларли даражада қисқартирди. 

ЕИ табиий газ истеъмолини камайтириш бўйича фавқулодда вазият режасини қабул қилди, унга кўра, ЕИ барча мамлакатлари 2023 йилнинг август ойи бошидан мартигача газ истеъмолини ушбу даврда сўнгги беш йилдаги ўртача истеъмолга нисбатан ихтиёрий равишда 15 фоизга камайтиради. Еврокомиссия маълумотига кўра, шу йўл билан Евроиттифоқ мамлакатлари жами 45 млрд кубометр газни тежайди.

Мавзуга оид