Ўзбекистон | 18:01 / 17.08.2022
13506
2 дақиқада ўқилади

Нега истеъмолчиларга газдан узилиши мумкинлиги ҳақида SMS юборилмоқда?

“Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати Kun.uz'нинг шу ҳақдаги саволига жавобан маълум қилишича, тизимда янги дастурий таъминот ишга тушган. Унинг ёрдамида истеъмолчиларнинг газ ускуналари ҳолати назорат қилинади. Ностандарт воситалар (масалан, эски “горелка”лар)дан фойдаланаётган ва газ ускуналарини вақтида техник кўрикдан ўтказмаган хонадонлар таъминотдан узилади.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида SMS-хабарнома жўнатмоқда. Kun.uz ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати билан боғланди.

Маълум қилинишича, “Ҳудудгаз рақамлаштириш” ташкилоти томонидан газ ускуналарининг ҳолати тўғрисида маълумотларни масофадан йиғиш ҳамда ҳар бир абонент бўйича табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишни назорат қилишга имкон берувчи “HGT Service” дастурий таъминоти ишлаб чиқилган.

Янги дастурий таъминотга абонентнинг шахсий маълумотлари, хонадон геолокацияси, телефон рақами, истеъмолчида маиший газ ускуналарининг мавжудлиги ва уларнинг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотлар киритилган.

“HGT Service” дастури газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида газ ускуналарига профилактик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва уларни нақд пулсиз амалга оширишга имкон беради. Кўрсатилган сервис хизматлар учун тўлов (инвойс) SMS орқали онлайн режимида тақдим этиш йўли билан амалга оширилади ва бу тўғрисидаги хабар хизмат тугагандан сўнг дарҳол истеъмолчининг телефонига юборилади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда ҳовли уйларда газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш даврийлиги йилига камида бир марта, кўп қаватли уйларда – икки йилда бир марта этиб белгиланган”, – дейилади Kun.uz'га тақдим этилган расмий ахборотда.

Мавзуга оид