Жаҳон | 14:38 / 17.08.2022
34278
8 дақиқада ўқилади

Зеленский нима учун украинларни Россия ҳужуми ҳақида огоҳлантирмаганди? Washington Post суриштируви

Россия танклари Украина чегарасини кесиб ўтиб, Киев томон ҳаракатлана бошлашидан бир неча кун олдин президент Володимир Зеленский фуқароларга хавотирланмаслик ва «май шашликхўрлиги»га тайёрланишни маслаҳат қилганди. Аммо бу вақтда Ғарб нашрлари ярим йил давомида Кремлнинг Украинага бостириб кириш бўйича «ақлга сиғмас режалари» ҳақида ёзиб келаётганди.

Фото: Украина президенти офиси

Американинг Washington Post нашри Украина ҳукумати Россиянинг ҳужумга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида қандай маълумот олиб тургани ва бунга қандай муносабатда бўлганини тасвирлайдиган кенг қамровли суриштирувни (обуна бўлиш талаб этилади) эълон қилди. Нашр журналистлари АҚШ, Украина, Европа ва НАТОдаги юқори мартабали шахсларни ҳам ўз ичига оладиган 30 дан ортиқ манба билан суҳбатлашган, уларнинг айримлари шахси сир қолишини сўраган.

Бундан ташқари, Washington Post президент Зеленскийнинг ўзидан ҳам интервью олган, у сўнгги лаҳзаларгача яқинлашиб келаётган кенг кўламли уруш тўғрисида аҳолини огоҳлантирмасликка қарор қилганида қандай мақсадларни кўзлаганини тушунтиришга уринган.

«Ақлли мамлакат бундай йўл тутиши мумкин эмас»

Washington Post маълумотига кўра, ўтган йил октябрида Оқ уйда Америка президенти Жо Байден разведка хизматлари, ҳарбий қўмондонлик ва дипломатик сектор раҳбарлари иштирокида шошилинч йиғилиш ўтказган. Бу йиғилиш Россиянинг Украинага босқинга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги разведка маълумотларига бағишланади. Разведка хизматлари ҳисоботи ўша кунларда олинган сунъий йўлдош тасвирлари, тутиб қолинган хабарлар ва манбалар билан сўзлашувларга асосланганди.

Ўша кузда Байден маъмурияти қисқа вақт ичида бир неча марта Украина масаласида йиғилиш чақиради. Нашр суҳбатдошлари қайд этишича, ўшанда Оқ уйда бўлганларнинг айримлари Россия етакчисининг бу қадар улкан амбицияларини қабул қилиши қийин бўлган: улар «ақлли мамлакат бундай йўл тутиши мумкинлиги»га ишонишмаган.

АҚШ президенти Украинага босқин кутилаётгани ҳақидаги илк маълумотларга 2021 йил октябридаёқ эга бўлганди.
Фото: EPA

Washington Post Америка разведкаси маълумотларига асосланиб ёзишича, РФ қўшинлари Украинанинг катта қисмини эгаллаб олишни кўзлаганди. Хусусан, улар Беларус томондан ҳаракатланиб, 3-4 кун ичида Киевни ўраб олишни режалаштирган. Россия махсус бўлинмалари Зеленскийни топиб, уни ҳокимиятдан четлаштириши ва Украинада Кремл билан дўстона ишлайдиган қўғирчоқ режим ўрнатилиши мақсад қилинганди.

Бунга параллел равишда Россия қўшинлари шарқдан ҳаракатланиб, Украина маркази орқали Днепргача етиб бориши, Қримдан чиққан қўшинлар эса жанубий-шарқий соҳилларни эгаллаши кўзда тутилган. Бу ҳарбий ҳаракатлар, Кремлнинг режаларига кўра, бир неча ҳафта давом этиши мумкин эди. Қайта гуруҳланиш ва қайта қуролланиш учун танаффус қилингач, россиялик ҳарбийлар жанубда Молдова, шимолда Беларус билан туташадиган шартли чизиққа етиб бориш учун ғарб томон ҳаракатланиши керак бўлган.

Украина ғарбидаги кичик ҳудудгина Россия оккупациясидан холи қолиши керак эди. Washington Post хабарига кўра, у ерда, Путиннинг фикрича, «тузалмас неонацистл-русофоблар» яшашда давом этиши мумкин эди.

АҚШ разведкаси бу маълумотларни Украина раҳбариятига етказган, аммо, нашрда қайд этилишича, Киевдагилар унга скептик (ишончсизлик билан) ёндашган. Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба буни Украина батафсил маълумот беришни сўрагани, аммо бундай маълумот тақдим этилмагани билан изоҳлаган.

12 январ куни Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бёрнс Киевда президент Зеленский билан учрашади ва унга разведка маълумотларига кўра, Россия Украина пойтахтига яшин тезлигида зарба бериш ҳамда марказий ҳокимиятни бошсиз қолдиришни ният қилгани ҳақида айтади. Шунингдек, АҚШ томони Россия аввалига Киев атрофидаги Гостомел аэродромига десант тушириш ва шу ердан Киевни штурм қилишни бошлашга уриниб кўриши мумкинлигини тахмин қилган.

(Бу прогнозлар тўлиқ амалга ошди: Украинага ҳужум қилган Россия қўшинларининг илк амалиёти Гостомелдаги аэродромни қўлга олишга уриниш бўлди, бу ҳудуддаги жанглар вақтида дунёдаг энг йирик самолёт - украинларнинг Ан-225 «Мрия»си ҳам йўқ қилинди)

Washington Post’нинг ёзишича, Оқ уйдаги махфий учрашувда Байден Россия президенти Владимир Путинни ёки тийиб қўйиш, ёки унга қарши туриш кераклиги - ва АҚШ бунда мустақил ҳаракат қилмаслиги кераклиги ҳақида қарорга келган.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейкоб Салливаннинг сўзларига кўра, Жо Байден Путинни Украинага ҳужум оқибатларидан огоҳлантириш учун Москвага элчи жўнатишга қарор қилган.

Америка президенти шунингдек разведка маълумотларини иттифоқчилар билан бўлишиш ва уларни РФга қарши туриш ҳамджа Украинага биргаликда ёрдам кўрсатиш зарурлигига ишонтиришга буйруқ берган.

«Мамлакатда хаос юзага келган бўларди»

Washington Post нашрига берилган интервьюда президент Зеленский АҚШдан Россия таҳдиди ҳақида маълумот келганини тан олган. У шунингдек январ ойидаги МРБ раҳбари Бёрнс билан учрашувини ҳам эслайди.

Зеленский урушдан олдинги сиёсати тўғри бўлганига ишончи комил. Фотода - Мариуполда Россия ҳужумидан кейинги вайронгарчиликлар.

Аммо Зеленский Ғарбдаги ҳамкорлар ҳужум эҳтимоли тўғрисида батафсил маълумот бермагани, балки бу ҳақда «умумий сўзлар» билан гапиришганини айтади.

«Мен ўшанда Бёрнс айтган ҳамма гапни айтишга тайёр эмасман, аммо унинг асосий сигнали менинг ҳаётимга таҳдид ҳақида эди. Ва бу биринчи сигналлар эмасди - бундай гаплар ҳамма томондан келарди, бизнинг махсус хизматларимиздан, хорижлик ҳамкасбларимиздан ва бошқалардан ҳам», деган украинлар президенти Америка газетасига.

У мамлакат фуқароларига бу таҳдид ҳақида айтмаганини хаос ва иқтисодий муаммолар юзага келишига йўл қўймаслик зарурати билан изоҳлаган. Зеленский шундай рақамларни келтиради: ҳозирда Украина уруш туфайли ойига 5-7 млрд доллар йўқотмоқда. Унинг ишонч билан айтишича, қишда, иситиш тизими ишлаши керак бўлган даврда мамлакат бундай юкламага дош беролмаган бўларди.

«Сиз менга шунчаки бундай дея олмайсиз: «Эшит, сен одамларни тайёрлашинг ва ҳозир улар пул ҳамда озиқ-овқат ғамлашни бошлаши кераклигини айтишинг керак». Агар биз буни айтганимизда - буни эса мен исмларини келтиришни истамаган айрим одамлар хоҳлашганди - у ҳолда ўтган йил октябридан бошлаб ойига 7 млрд доллар йўқотардик. Россияликлар ҳужум бошлаганида эса улар бизни уч кун ичида босиб олишарди. Агар биз босқиндан олдин одамларни хаос ичига ташлаб қўйсак, россияликлар бизни еб ташларди», деган Зеленский.

У ўз қарорини тўғри ва ҳужумга яхшироқ тайёрланишга ёрдам берган деб ҳисоблайди. «Босқин бошланганида шундай бўлди - биз имкон қадар кучли эдик», деб ҳисоблайди Украина президенти.

Давлат раҳбари ёрдам учун АҚШга миннатдорчилик билдирган. Шу билан бирга, Украинага Россия босқинини қайтариш учун иттифоқчилардан кўпроқ ҳажмда қуроллар кераклигини таъкидлаган.

«Кимдир менга улар қандайдир сигналлар юборганини иддао қила бошласа, мен шундай дейман: «Бизга қурол юборинг». Мен мутлақо ҳақ эдим ва бугун ҳам бунга аминман», деган Зеленский интервьюда.

Мавзуга оид