Жаҳон | 09:49 / 18.08.2022
8339
4 дақиқада ўқилади

Навалний жамоаси Париж ва Бернни Путиннинг собиқ хотинига тегишли активларни мусодара қилишга чақирди

Навалнийнинг сафдошлари Франция ва Швейцария ТИВга ушбу мамлакатлардаги кўчмас мулкларни олиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилган. Уларга кўра, кўчмас мулклар Путиннинг собиқ хотини Людмила ва унинг янги турмуш ўртоғи Артур Очеретнийга тегишли.

Фото: ТАСС

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний жамоаси РФ президенти Владимир Путиннинг собиқ хотини Людмила Очеретная ва унинг ҳозирги турмуш ўртоғи Артур Очеретний мол-мулкини хатловга олиш талаби билан Франция ва Швейцария ҳукуматларига мурожаат қилгани тўғрисида хабар берди. «Биз Очеретнийларнинг хориждаги кўчмас мулки коррупцион пуллар эвазига сотиб олинганини исботладик ва ЕИ бу активларни олиб қўйишига умид қиламиз», — деб хабар берди Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (ККЖ) 17 август, чоршанба куни. Мухолифатчиларнинг сўзига кўра, тегишли таклифлар икки давлат Ташқи ишлар вазирликларига юборилган.

«Ишончимиз комилки, Путинга яқин одамларга нисбатан санкциялар сиёсий ва бизнес элитани уни қўллаб-қувватлашдан воз кечишга мажбур қилади. Бу унинг режимини йўқ қилиш ва Украинада бошланган урушни тўхтатиш учун энг муҳим қадамдир», - дея таъкидлади Навалнийнинг сафдошлари. Улар Путиннинг собиқ рафиқаси ҳақидаги олдинги суриштирув ҳақида эслатган.

Август ойи бошида ККЖ Очеретнийлар ҳақида фильм чиқарди, унда улар Москва марказидаги Воздвиженка кўчасида шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган тарихий уйга эгалик қилиши билдирилган. Суриштирувчилар маълумотига кўра, 2000-йилларда Людмила Путина ўзи учун махсус ташкил этилган «Рус тилини ривожлантириш маркази»ни бошқарган. Москва мэрияси ва президент ишлари бошқармаси марказга Кремл ёнидаги эски уйга эгалик ҳуқуқини тақдим этган. Икки қават таъмирланиб, қўшилгандан сўнг, унинг номи «Шахслараро алоқаларни ривожлантириш маркази» деб ўзгартирилди, ҳозир уни Путинанинг янги эри бошқаради.

44 дақиқалик фильм муаллифларининг қайд этишича, Артур Очеретний 10 миллиард рубллик бинони рафиқасига тегишли «Меридиан» компаниясига ижарага беради, у эса уни «Сбербанк», ВТБ ва бошқа тижорат лойиҳаларига субижарага топширади. Навалнийнинг сафдошлари ҳисоб-китобига кўра, Людмила Очеретная ижарадан йилига 250 млн рублдан ортиқ даромад олади.  

Суриштирувчилар маълумотига қараганда, «Шахслараро алоқаларни ривожлантириш маркази» Москва мэрияси, «Газпромбанк» ва «Северстал»дан ҳам маблағ олади, бу йилига 415 млн рублга яқин даромад келтиради, уларни Артур Очеретний компанияси «Меридиан»га қарз беради. Бу пулга Артур Очеретний Франция, Швейцария ва Испания жанубида квартира ҳамда уйлар сотиб олади. Суриштирувчилар хориждаги кўчмас мулкнинг умумий қийматини деярли 600 млн рублга баҳоламоқда. Уларнинг маълумотига кўра, Очеретнийлар, хусусан, Франциянинг Биаррица шаҳрида виллага, Швейцариянинг Давос шаҳрида квартирага ва Испаниянинг Малага шаҳрида иккита квартирага эгалик қилади. Людмила ва Артур Очеретний ЕИ санкциялар рўйхатига киритилмаган, дея таъкидлайди Навалнийнинг сафдошлари. Буюк Британия май ойида Людмила Очеретнаяга қарши санкциялар киритди. 

Бир неча йил олдин Reutersҳам Путинанинг Москвадаги ҳашаматли уй ижарасидан тушган даромади ҳақида ёзган эди. 

Мавзуга оид