Ўзбекистон | 16:08 / 20.08.2022
19170
2 дақиқада ўқилади

Фото: Ўзбекистон ҳаво флоти байрам авиашоусини уюштирди

Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан Чирчиқда ўтказилган шоуда Airbus H215 ҳарбий вертолёти осмонда “30 UzAF” (Uz Air Force) ёзувини қолдириб учди. Шоу давомида учувчилар ва десантчилар самолёт ва вертолётларда турли усуллар билан ўз маҳоратини кўрсатди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Бугун, август ойининг учинчи якшанбаси – Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари куни. Шу муносабат билан Чирчиқда авиашоу ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шоуни турли мақсадларда фойдаланиладиган ҳарбий вертолётлар бошлаб берди. Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучларининг Airbus H215 вертолёти мазкур тузилмалар ташкил этилганининг 30 йиллигига атаб осмонда “30 UzAF” (Uz Air Force) ёзувини қолдириб учди.

Бошқа учувчилар эса томошабинлар тўпланган ҳудуд узра ҳар хил мураккаб учиш усулларини паст-баландликда намойиш этди, вертолётлар ёрдамида ёнғинни ўчириш жараёнини амалда кўрсатди.

Шундан кейин ҳавога кўтарилган ҳарбий самолётлар пастлаб парвоз қилган ҳолда чиройли ҳаракатларни бажарди.

1600 метр баландликдан ўнга яқин десантчи парашютдан Ўзбекистон байроғини самода ҳилпиратиб, белгиланган нуқтага тушишди.

Шоу давомида дирижабл, пароплан ва ракетамодел тўгаракларида ясалган турли учиш аппаратлар ҳам учирилди, Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли чиқишлар қилди.

Шу куни Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган тантанали тадбирда қатор ҳарбий хизматчи ва Қуролли Кучлар хизматчилари ҳарбий унвон, кўкрак нишони ва совғалар билан тақдирланди.

Мавзуга оид