Жаҳон | 10:02 / 20.08.2022
12024
3 дақиқада ўқилади

ВВС ва «Медиазона» Украинада ҳалок бўлган 5700 нафар РФ ҳарбийсининг исмини аниқлади

Журналистлар расмийлар, ОАВ ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари хабарлари асосида статистик маълумотларни тўплади. Ҳалок бўлган 5701 рус аскаридан 966 нафари зобитлар бўлган.

Фото: NPR

19 август, жума куни Британиянинг ВВС медиакомпанияси рус хизмати ва «Медиазона» нашри журналистлари кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда Украинадаги урушда ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони ҳақидаги янги маълумотни эълон қилди. 19 август ҳолатига кўра, 5701 рус аскари ҳалок бўлгани тасдиқланди. 

Маълумотлар маҳаллий ҳокимият органлари, ОАВ ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари хабарлари асосида тўпланган. Россия минтақалари раҳбарлари ҳарбийларнинг ўлими ҳақида омма олдида тобора камроқ гапиряпти. Журналистлар ҳисоб-китобига кўра, уруш қурбонлари рўйхатида Россияда ҳақиқатан ҳам дафн этилганлардан 40-60 фоизга камроқ ҳарбийлар исми қайд этилган.

Украинада ҳалок бўлган 5701 нафар рус аскаридан 966 нафари (17 фоизи) зобитлар бўлган. Йўқотишларнинг энг катта қисми кичик офицерлар ҳиссасига тўғри келди. Бундан ташқари, ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар россиялик генерал ва 34 нафар полковник ҳам бор. Шу билан бирга, россиялик генералнинг ўлими ҳақидаги сўнгги хабар июнь ойида тарқалган эди. 

Тасдиқланган қурбонлар сони бўйича Россия минтақалари орасида Доғистон (270 киши), Бурятия (245 киши) ва Краснодар ўлкаси (206 киши) етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, Москвада фақат 14 та ўлим ҳолати маълум, гарчи пойтахт РФ аҳолисининг деярли тўққиз фоизини ташкил қилади. 

Мутлақ йўқотишлар сони бўйича пиёда аскарлар ва десантчилар биринчи ўринда турибди. Қурбонлар сонининг энг катта ўсиши Россия расмийлари кўнгиллилар деб атайдиганлар орасида қайд этилган. Шунингдек, 66 нафар ҳарбий учувчи ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор. 

РФ Мудофаа вазирлиги охирги марта 25 март куни ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони ҳақида маълум қилган эди. Ўшанда 1351 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани билдирилган. УҚК бош штаби Россия қўшинларининг ўрнини босиб бўлмайдиган йўқотишлари сонини 44 мингдан ортиқ кишига баҳоламоқда. АҚШ Мудофаа вазирлигининг август ойи бошидаги маълумотларига кўра, Россия Украинада 70 мингдан 80 минггача аскарини йўқотган бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид