Жаҳон | 21:48 / 22.08.2022
40593
9 дақиқада ўқилади

Даря Дугинанинг ўлдирилиши: Ғарб нашрлари унинг отасини «Путиннинг мияси» деб таърифлаган

20 август куни россиялик идеолог Александр Дугиннинг қизи Даря Дугина кетаётган автомобил Москва яқинида портлаб кетди. Дугинни уруш бошлангандан кейин кенг қўлланаётган «рус дунёси» иборасининг ғоявий асосчиси деб айтишади. Дугина портлаш вақтида ҳалок бўлган, машина эса тўлиқ ёниб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, Дугина бўлган машинада унинг отаси ҳам ўтириши керак бўлган, аммо сўнгги лаҳзада бошқа машинага ўтирган.

Фото: Ижтимоий тармоқлардан

Портлаш Москва яқинидаги Можайск шоссесида содир бўлган. Бу йўл Москва ҳалқа йўлидан 25 км узоқликда жойлашган. 29 ёшли Даря Дугина бўлган Land Cruiser Prado кетаётганда портлаб, йўл четига чиқиб қолган ва ёниб кетган. Қиз воқеа жойида ҳалок бўлган, машина парчалари йўл бўйлаб сочилиб кетган.

Россия Тергов қўмитаси қотиллик буюртма қилингани эҳтимоли юқори эканини маълум қилди. Қўмита маълумотида айтилишича, портловчи модда машинанинг ҳайдовчи ўтирадиган ўриндиқ пастига ўрнатилган.

Бугун, 22 август куни Россия Федерал хавфсизлик химати (ФХХ) ушбу қотилликни амалга оширишда 1979 йилда туғилган Украина фуқароси Наталя Вовк гумонланаётганини маълум қилган. ФХХ хабарида айтилишича, бу аёл 2010 йилда туғилган қизи билан 23 июл куни Россияга борган. Кейин Дугина яшайдиган уйдан ижарага квартира олиб яшаб, уни кузатган.

ФХХга кўра, Наталя Вовк «Миши Купер» машинасида Дугинани кузатган. Машинада уч марта рақамини ўзгартирган: «ДХР», Қозоғистон ва Украина рақамларига. Хабарда айтилишича, аёл Дугина ўтирган машинани портлатгач, Псков вилояти орқали Эстонияга чиқиб кетган. Эслатиб ўтамиз, бу –Россия Федерал хавфсизлик хизматининг версияси.

Тергов қўмитаси ҳолат бўйича жиноий иш очган.

Фото: Известия / Андрей Эрштрем

Ижтимоий тармоқларда қотилликнинг асосий нишони Александр Дугин бўлгани айтилмоқда. Ота-бола портлашдан бир неча соат аввал Москва яқинидаги «Анъана» номли фестивалда фахрий меҳмон сифатида иштирок этган, Дугин маъруза ҳам қилган. «112» Telegram-каналининг ёзишича, айнан фестивал ўтган жойнинг автотураргоҳида Дугинанинг машинасига қўлбола бомба ўрнатилган бўлиши мумкин.

Гувоҳларнинг айтишича, Дугин Москвага қизи билан бирга қайтишни режалаштирган, аммо охирги дақиқаларда бошқа машинага ўтиришга қарор қилган. Ота-бола фестивалда бирга суратга ҳам тушган. Россиядаги Telegram-каналларда тарқалган видеоларда Дугин қизининг ёнаётган машинасига бошини чангаллаганча қараб тургани кўринган. У орқадаги машинада кетаётган бўлган.

Ёзувчи Захар Прилепиннинг айтишича, фестивал ўтказилган боғнинг тураргоҳида кўплаб ёзувчилар, шунингдек, ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» жангчилари, захирадаги ҳарбийлар бўлган.

Александр Дугин ким?

Александр Дугин ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни қўллаб-қувватлаб ўтказилган «Донбасс учун жанг» митингида. Москва, 2014 йил 18 октябр / Фото: Moscow News Agency / Reuters / Scanpix / LETA 

Дугин Россияда машҳур файласуф, консерватив публицист ва уруш вақтида қўлланиши оммалашган «рус олами» идеологиясининг асосий тарғиботчиларидан биридир. Унинг асосий фаолияти эса «неоевроосиёчилик»ка қаратилган. Бу – Россия қўшнилари устидан доминантлик қилиши, АҚШ ва НАТОга қарши чиқиши, Россиянинг таъсири бутун Евроосиё материгига тарқалиши ғоясидир.

Дугин узоқ йил давомида Москва жаҳон ҳамжамиятида агрессивроқ ҳаракатлар билан ўзини кўрсатиб қўйиши кераклигини тарғиб қилиб келарди. Ғарб матбуоти Дугинни замонавий Россиянинг асосий идеологи деб ҳисоблар, унга ҳатто Путин ва Кремлдаги мулозимлар ҳам қулоқ солишини таъкидлаб келишади. АҚШ нашрларида Дугинга «Путиннинг мияси» деб ҳам таъриф беришади.

Дугин 2014 йилда Украина ҳақида кескин чиқишлар қила бошлайди. Айниқса Одесса воқеаларига қандай муносабат билдирасиз, деган саволга: «Ўлдириш, ўлдириш ва яна ўлдириш керак» дегани билан машҳур бўлган. Дугин Россиянинг Украинага бостириб киришни фаол қўллаб, рус элитаси бу борада аниқ томонни танлаши шартлигини иддао қилганди ҳам.

«Менимча, юқори лавозимли мансабдорлар ёки Россиянинг «махсус ҳарбий амалиёти» (Россияда урушни шундай аташади – таҳр.) ҳақида аниқ фикрини айтиши ёки ишдан кетиши керак. Уларнинг айримлари шубҳали сукут сақлашмоқда. Оқибатда биз уларнинг жимлигини ўзимизча талқин қилишга мажбур бўляпмиз. Бизни гумонга қўйманг, ҳеч бўлмаса «Z» ҳарфини (Россияда уруш рамзи) баланд овозда айтинг. Ёки бўлмаса кўзимиздан даф бўлинг», деб ёзганди Дугин уруш ҳақидаги жуда кўп постларидан бирида.

Дугин 2014 йилдаёқ Европа Иттифоқининг санкциясига тушган. Россиянинг Қримни босиб олишида алоқадор деб топиб АҚШ ва Канада ҳам Дугинни 2015 йилда «қора рўйхат»га киритади.

Отасининг ўнг қўли

Фото: Telegram'даги "Platonova | Z" канали

Даря Дугина отасининг «рус олами» ва «неоевроосиёчилик» ғояларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган, у отаснинг ўнг қўли бўлган ва уруш тарғиботида фаол қатнашиб келаётганди. Даря отаси томонидан ташкил этилган «Халқаро евроосиёчилик ҳаракати»да сиёсий таҳлилчи бўлиб ишлаган, Россиядаги Russia Today ва «Цариград» тарғиботчи нашрлари учун Даря Платонова тахаллуси билан мақолалар ёзган.

АҚШ ва Британия Даря Дугинани дезинформация тарқатишда айблаб, санкция рўйхатига киритган. Ҳатто Британия эълон қилган санкция рўйхатида Дугинанинг исми биринчи қайд этилган. YouTube'даги стримлардан бирида бу ҳақдаги саволга жавоб берган Дугина рўйхатда биринчи ўринда қайд этилганидан фахрланишини айтган. Даря Дугина Украинадаги урушни «тамаддунлар ва ғоялар тўқнашуви» деб атаган.

Украина рад этди

ФХХ қотилликни Украина фуқароси бўлган аёл ушбу мамлакатнинг махсус кучлари билан ҳамроҳликда амалга оширганини маълум қилишидан аввал Украина томони Дугинанинг ўлдирилишига алоқадор эмаслигини билдирди. «Украинанинг бу ишга алоқаси йўқ. Биз Россиядан фарқли ўлароқ жиноятчи ва террорчи давлат эмасмиз», деди Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

Подоляк қотилликни ҳукумат учун курашаётган Россия ичидаги гуруҳлар тўқнашуви деб атади. Унинг фикрича, Россия ҳукумати бу қотилликдан ҳам ғоявий майдонда фойдаданади.

Даря Дугина номи ёзилган ракеталар

Фото: Ижтимоий тармоқлардан

Россияда идеолог Дугинанинг ўлимини оғриқли қабул қилишди. RT нашри бош муҳаррири, Россиянинг асосий пропагандачиларидан бўлган Маргарита Симонян қизнинг ўлими ҳақида гапирар экан, бундай қарорлар чиқариладиган марказларга зарба бериш кераклиги, Дугинанинг ўлимини тролл қилаётган, кулгига олаётган ҳамма қўлга олиниши зарурлигини айтди.

Россия президенти Владимир Путин Даря Дугинанинг ўлими муносабати билан унинг оиласига ҳамдардлик билдирди. «У ватанга содиқ хизмат қилди ва ҳаракатлари билан Россиянинг патриоти бўлиш нима эканини кўрсатди», дейилади Кремл эълон қилган ҳамдардлик матнида.

Интернетда ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ҳарбийлари экани айтилган аскарлар иккита снарядга «Даша Дугина учун” деб ёзгани тасвирланган видео тарқалди.

Мустақил интернет нашрлари Дугинанинг қотили 2 кунда топилганига эътибор берган. Улар Борис Немцовнинг қотили 2733 кундан буён, Наталя Эстемированинг қотили 4798 кундан буён, Анна Политковскаянинг қотили 5798 кундан буён топилмаётганига урғу берган.

«Қизим учун ғалаба қозонинг»

Даря Дугина ўлимидан бир неча соат аввал отаси ва дўстлари билан / Фото:  Аким Апачев Telegram-канали

«Царьград» нашри асосчиси Константин Малофеев ўзининг Telegram-каналида Дугиннинг қизи вафотидан кейинги илк баёнотини эълон қилди. Дугиннинг айтишича, қизига суиқасдни Украина режими амалга оширган.

«Қизим ҳақиқий проваслав, патриот эди. У ҳеч қачон урушга, зўравонликка чорламаган. Уни Россиянинг душманлари ўлдиришди. Аммо бизни бу билан синдириб бўлмайди. Уни қаҳрамон қилиб тарбиялашга ҳаракат қилдик, энди у ватанимиз ўғлонларини руҳлантиришига умид қиламан. Бизга фақат ғалаба керак, илтимос ғалаба қозонинг», деган Дугин.

ФХХ идеолог Дугинанинг қотили эканини иддао қилган украиналик аёлнинг Россияга келиши, Дугина яшаган кўп қаватли уйга кириши ва Россиядан чиқиб кетаётгани тасвирланган видео эълон қилди. Унда номаълум аёл ёш қизи билан юргани кўринган.

Кейинчалик русча каналларда Наталя Вовк украиналик ҳарбий экани ҳақида хабарлар тарқатилиб, унинг гувоҳномаси экани айтилган ҳужжатнинг сурати эълон қилинди.

ФСБ Наталя Вовк Дугинани ўлдириб Эстонияга қочганини хабар қилганди. Эстония ҳукумати эса бу борада изоҳ беришни рад этди.

Мавзуга оид