Болтиқбўйида РФ ҳарбий авиацияси билан боғлиқ ҳодисалар сони кўпайди
Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери НАТОнинг Россия ҳарбий самолётлари билан қарама-қаршилиги ҳолатлари тез-тез учрамоқда, дея маълум қилди Германия ҲҲК бош инспектори. Россия самолётлари НАТО ҳаво ҳудудига яқинлашган.
РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин ҳамда Москва ва НАТО ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик кучайиши фонида, Болтиқ денгизи устида Россия ҳарбий самолётлари билан боғлиқ ҳодисалар сони ортди. «Ҳа, биз буни аниқ пайқаяпмиз, кўпроқ ҳодисалар кузатиляпти», деди Германия ҳарбий-ҳаво кучлари бош инспектори Инго Герхарц.
Унинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар вақтида Россия ҳарбий самолётлари НАТО ҳаво ҳудудига яқинлашган, шундан сўнг уларни Шимолий Атлантика альянси самолётлари тутган. Энг сўнгги ҳодиса 19 август куни, Россия разведка самолёти қирувчи самолётлар ҳамроҳлигида Калининграддан Болтиқ денгизи устидаги минтақага учиб ўтганида юз берди. Тез орада Германия ҲҲК самолётлари осмонга кўтарилди, улар Россия самолётларидан маълум масофада ҳаракатланди, деб хабар берди генерал-лейтенант Герхарц.
Унинг таъкидлашича, Россия ҳарбий самолётларининг халқаро ҳудуддаги парвозлари ҳеч қандай меъёрларни бузмайди, бироқ НАТО ўз ҳаво ҳудуди чегаралари Россия самолётлари кесиб ўта олмайдиган «қизил чизиқ» эканлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, Германия ҲҲК қўмондони НАТО «фавқулодда вазият юзага келганда» Болтиқбўйи минтақаси хавфсизлигини ҳар қандай ҳужумлардан ҳимоя қила олишига эътибор қаратди. У шу пайтгача бетараф бўлган Швеция ва Финландиянинг иттифоққа кириши режалаштирилганини, бунинг натижасида НАТО ушбу минтақада қўшимча ҳарбий авиация кучларига эга бўлишини эслатди.
Август ойи бошидан бери Германия Венгрия ва Италия билан биргаликда НАТОнинг Baltic Air Policing миссияси доирасида Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво кенгликларида патруллик қилмоқда. Бешта Eurofighter Typhoon қирувчиси Эстониянинг Эмарида жойлашган бўлиб, улар кеча-ю кундуз шай туради. Уларга Испания қирувчилари ҳам қўшилиши кутилмоқда. Германия ҲҲКнинг яна бир фавқулодда ёрдам бўлинмаси Қуйи Саксония федерал ерида жойлашган. Бунда, янги контингентлар апрель ойидан буён минтақада патруллик қилаётган Бельгия, Франция ва Испания бўлинмаларини алмаштирди.
2004 йилда Эстония, Латвия ва Литва иттифоққа қўшилганидан бери НАТО иттифоқчилари Болтиқбўйи осмонини навбат билан қўриқлаб келади. Бу уч давлатнинг ўз қирувчилари йўқ. НАТО миссияси доирасида чет эл самолётлари парвоз қоидаларига риоя қилмаса ёки ҳаво ҳаракатини бошқариш органлари билан алоқа қилмаса, қирувчи самолётлар осмонга кўтарилади. «НАТО тезкор реакция билдирувчи самолётлари иттифоқ ҳаво кенгликларига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай самолётни тутиб олиш учун бир неча дақиқада ҳавога кўтарилишга тайёр», — дейилади альянс хабарида.
Мавзуга оид
09:30 / 12.10.2024
Германия махсус кучлари Болтиқбўйи инфратузилмасини қўриқлаш учун юборилади
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024
Россияда саккиз нафар генерал лавозимдан олинди — ОАВ
20:51 / 04.10.2024