Жаҳон | 17:32 / 23.08.2022
27461
11 дақиқада ўқилади

ФХХ Киев тезда эгалланишига умид қилган ва Путин учун «қўғирчоқ» ҳукуматнинг икки вариантини тайёрлаган

Украинада уруш бошланишидан олдин Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Кремлга қўшни мамлакат аҳолиси Россия ҳарбийлари келишини мамнуният билан кутиб олишини маълум қилган. Аслида хавфсизлик хизмати тўплаган маълумотлар бунинг аксини кўрсатаётган бўлса ҳам.

Фото: Laurent Van der Stockt / Le Monde / Getty Images

Ғарб разведкасига кўра, қаршилик кўламини етарлича баҳоламаслик Россиянинг барча кучишлатар идораларига хос хато бўлган. Аммо айнан ФХХ «рус жангчилари пойига гуллар сочилиши», Киев бир неча кун ичида олиниши, Володимир Зеленский ҳукумати ағдарилиши, унинг ўзи қочиб кетиши, ўлдирилиши ёки асирга олиниши ҳақида Путинни бошқалардан кўра кўпроқ ишонтиришга эришган.

The Washington Post газетаси ФХХ босқинга тайёргарлик кўришда қандай иш олиб боргани ҳақида катта материал чоп этди. Бу маълумотлар Украина ва Ғарб расмийлари, шунингдек, разведка ходимлари билан аноним суҳбатларга асосланган.

ФХХ Киевни тезда эгаллаб олишга умид қилган ва Путинга «қўғирчоқ» ҳукуматнинг иккита вариантини тайёрлаган

ФХХнинг Украинадаги бўлими 2019 йилдан кенгайишни бошлади. Украина расмийларига кўра, уларнинг сони 30 дан 160 кишига ошган. Улар коллаборационистларни ёллаш, шунингдек, Украина раҳбариятидаги принципиал ғоявий рақиблар рўйхатини тузиш билан шуғулланган.

Аввалига Украина буни «мамлакатда Россия таъсирини тиклаш» режаси сифатида кўрган бўлса, эндиликда босқинга тайёргарликнинг дастлабки қадами экани ойдинлашмоқда.

Россия махсус хизмати Украина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида пуллик агентларнинг кенг тармоғига эга эди. Босқиндан кейин улар турлича ҳаракат қилишди: баъзилари ФХХ билан келишувга кўра, расмий лавозимларидаги вазифаларни саботаж қилишди, бошқалари эса пул олган бўлсалар ҳам, Москва буйруғини бажаришни тўхтатди.

Босқиндан бир неча кун олдин ФХХ Киевда махфий квартиралар сонини оширади. Махсус хизмат раҳбарияти шаҳар тезда қўлга киритилишига шунчалик ишонадики, яқин келажакда у ерда ўз ходимлари сонини сезиларли даражада кўпайтирмоқчи эди.

Дастлабки режаларга кўра, рус армияси Киевни тезда эгаллаб олиши керак эди. Шундан сўнг ФХХ кутганидек, бу «домино эффекти» бериши ва мамлакат бўйлаб маҳаллий ҳокимиятнинг қулашига олиб келарди.

ФХХ ушбу режанинг бир қисми сифатида Зеленский ағдарилганидан кейин ҳокимиятни эгаллаши керак бўлган иккита «қўғирчоқ ҳукумат» лойиҳасини тайёрлади. Нега иккита экани маълум эмас, балки бу шунчаки Путинга танлаш имкониятини бериш учун қилинган бўлиши ҳам мумкин.

Номзодлардан бири Украинанинг 2014 йилда Россияга қочиб кетган собиқ президенти Виктор Янукович эди. У уруш бошланганидан кейин Минскка борган ва ФХХнинг Украина бўлими билан алоқада бўлган гуруҳни бошқарган. Иккинчи гуруҳни Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Украинанинг жануби-шарқида жойлашган россияпараст «Регионлар партияси»нинг собиқ аъзолари ташкил этган.

2022 йил бошида Украина разведка идоралари ФХХ ходимларининг Россия ҳаво-десант қўшинлари билан бевосита алоқада бўлиб тургани ҳақида маълумот олишди – бундай ҳамкорлик ғайриоддий эди. Шу туфайли разведка буни эҳтимолий босқиннинг бевосита белгиси сифатида баҳолади. Аммо бу сигналга ҳукуматда унчалик эътибор берилмади. Чунки, Россиядаги Украина разведка агентларининг бошқа маълумотларида ҳарбий қисмлар босқинга тайёр эмаслиги қайд этилганди.

Украина махсус хизматларида россияпараст ходимлар кўп эди. Бу эса босқиндан кейин УХХ бошлиғи ишдан бўшатилишига олиб келди

Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) ҳам худди ФХХ сингари КГБ авлоди, деб ёзади The Washington Post. Украина разведка хизмати раҳбариятидаги кўпчилик ходимлар совет иттифоқи даврида КГБ бўлимларида лавозимларни эгаллаган. Бу эса юқори мартабали ходимлар орасида Россияга мойил бўлганлар борлиги ҳақида хавотир уйғотган.

Украина бир неча бор УХХ сафини россияпараст ходимлардан тозалашга уринган, аммо ходимлар сони катталиги туфайли буни амалга ошириш осон бўлмади.

Уруш бошланганидан сўнг, Украина махсус хизматларида пул эвазига Москва учун ишлаган ва «Украинадан ҳар доим нафратланган ва СССР тикланишини қўмсаган» кўплаб ходимлар борлиги аниқланган.

Украина расмийларидан бирининг сўзларига кўра, урушнинг иккинчи куни у қўл остидагиларга буйруқ бериш учун қўнғироқ қилган ва топшириқлари жавобсиз қолишидан чўчиган. Аммо ҳар бир ходим буйруқларни аниқ ва дадиллик билан бажаришга тайёрлигини кўриб, ҳайрон қолган. Урушдан олдин бу камдан кам учрайдиган ҳолат эди.

«Кучишлатар тузилмаларда коррупция ва уларнинг таркибига россиялик агентлар кириб олиш даражаси юқори экани ҳақида украиналикларнинг ўзларида ҳам хавотирлар бор эди», дея манба сўзларини келтирмоқда WP. Аммо улар босқиндан кейин «ҳар қачонгидан ҳам самаралироқ ишлаган». Бунга Зеленскийнинг қатъияти ва жанговар ҳаракатлар шаҳар остонасига яқинлашган бўлса-да, Киевда қолиб, шахсий намуна кўрсатгани сабаб бўлган.

Босқиндан кейин Украина хавфсизлик кучларида тозалаш бошланди – Россия билан ҳамкорликда гумон қилинган 800 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Улар орасида энг юқори лавозимга эга шахс – Украина хавфсизлик хизматининг Қрим бўйича бош бошқармаси бошлиғи Олег Кулинич эди.

Айбловга кўра, урушдан икки йил олдин у Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қила бошлаган. Унга Россия махсус хизматлари учун зарур бўлган оператив маълумотларни ўз ичига олган махфий ҳужжатларни ўғирлаш вазифаси юклатилган. Босқиндан бир кун олдин эса Херсон вилоятига Қримдан бир неча соат ичида ҳужум уюштирилиши ҳақидаги разведка маълумотларини марказга етказилишига тўсқинлик қилган.

Тозалашлар жараёнида Иван Баканов ҳам УХХ раҳбари лавозимидан озод этилди – у Володимир Зеленскийнинг болаликдаги дўсти. Президент ундан махфий хизматлар сафини Россияга мойил бўлган ходимлардан ўз вақтида тозалай олмагани учун норози бўлган.

Уруш бошланишидан олдин барча махсус хизматлар хатога йўл қўйган. Аммо ФХХ хатоси энг каттаси бўлиб туюлади

WP маълумотларига кўра, можарога алоқадор бўлган деярли барча давлатларнинг махфий хизматлари жиддий хатоларга йўл қўйган. Масалан, босқин ҳақида маълумот олган Америка разведка хизматлари Украинанинг унга қаршилик кўрсатиш қобилиятини юқори баҳолаган, шу туфайли, Қўшма Штатлар урушнинг илк даврида Украинага оғир қуролларни юборишга журъат этмаган, чунки буни мантиқий эмас деб ҳисоблаган.

Украина разведка идоралари, ўз навбатида, Ғарбнинг яқинлашиб келаётган босқин ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Россия қўшинларининг ҳарбий амалиётларга тайёрлигини паст баҳолаган. Чегаралар яқинида рус ҳарбий кучлари тўпланишини эса психологик ҳийла деб ҳисоблаган. Шунингдек, Москва Зеленскийнинг рейтинглари жуда паст бўлган бир пайтда барқарор бўлмаган ҳукуматни ағдариш учун ракета зарбалари бериши ёки десант юбориши мумкинлиги ҳам эҳтимолий вариантлардан бири сифатида кўрилган.

«Биз танклар ва пиёдалар билан Иккинчи жаҳон уруши услубидаги классик босқинни тасаввур қилмаганмиз. Улар эса ҳеч қандай қаршиликни кутмаган ва кимдир дарвозани очиб беришидан умидвор бўлишган», дея Украина хавфсизлик кучлари раҳбариятидаги юқори мартабали суҳбатдош сўзларини келтирмоқда WP.

Газетанинг таъкидлашича, Россия разведкасининг хатолари анча тизимли кўринади. Айримлари ўз шахсий сиёсий ва молиявий сабаблари билан босқиндан манфаатдор бўлган ва нотўғри маълумотларни узатиши мумкин бўлган манбалар нотўғри танланиши билан боғлиқ.

Бу манбалар орасида энг муҳими Виктор Медведчук эди, деб ёзади газета. У Зеленский ҳукумати заиф ва тезда қулашига, Украина халқи эса Россия армиясини олқишлар билан кутиб олишига Москвани ишонтирган овозлар ичида энг таниқлиси эди.

Уруш бошланганидан кейин Медведчук ҳибсга олинди. Аммо Москва бунга жиддий эътибор қаратмади. WP фикрига кўра, бу Владимир Путиннинг Медведчукдан дарғазаб эканини англатувчи билвосита белгилардан бири эди. Украина расмийларига кўра, энди Медведчук Кремль наздида «пулнинг ҳаммасини олган ва ҳеч қандай натижа бермаган хоин».

Шу билан бирга, Украина разведкаси маълумотларига кўра, ФХХ махфий сўровлар натижалари асосида Путин Украинада жуда машҳур эмаслиги ва Россиянинг ҳужуми аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмаслигини билган.

2021 йил апрел ойида ФХХ мамлакат аҳолисининг 84 фоизи Россия қўшинларининг ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» томонидан назорат қилинадиган ҳудудлардан ташқаридаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатини «босқин» деб билиши ва фақат 2 фоизи буни «озод қилиш» деб баҳолаши ҳақида маълумот тўплаганди. Урушдан бир неча ҳафта олдинги сўровлар натижасига кўра, 48 фоиз респондент агар босқин бўлса, Украина учун жанг қилишга тайёрлигини билдирган.

Шунга қарамай, ФХХ нима учун босқин украиналиклар томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақидаги маълумотни Кремлга етказишда давом этгани номаълум.

Балки, деб ёзади газета, махфий хизмат 48 фоизлик рақамдан украиналикларнинг озчилик қисмигина мамлакатни ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида нотўғри хулосага келган бўлиши мумкин. Шунингдек, сўров натижалари Кремлга қанчалик тўғри етказилгани ҳам номаълум.

Кўринишидан, ФХХда ҳеч ким муваффақиятсизлик учун жавобгарликка тортилмади. Махсус хизмат босиб олинган ҳудудларда фаолиятини давом эттирмоқда

Украинага босқиндан олдин вазиятга нотўғри баҳо берган ФХХ раҳбарияти қандай жазоланганига баҳо бериш қийин, чунки бу ҳақда умуман маълумот йўқ, деб ёзади WP. Шу билан бирга, Зеленский ҳаракатларидан фарқли ўлароқ, Путин ФХХ раҳбариятида қандайдир катта тозалаш ўтказишдан тийилган.

Аввалроқ, ФХХ 5-бўлими (Тезкор ахборот ва халқаро алоқалар бўлими) раҳбари Сергей Беседа уй қамоғига ўтказилгани ва лавозимида пасайтирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо Америка разведкаси бунга шубҳа билан қарамоқда.

Шунингдек, ФХХ раҳбари Александр Бортников ҳам жавобгарликка тортилганига ишора қилувчи ҳеч қандай аломат йўқ. ФХХ саҳнадан туширилиб, Украинадаги разведка фаолияти Россия разведка бошқармаси (ГРУ) томонидан олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам Украина разведкаси томонидан асоссиз деб ҳисобланмоқда.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, ҳозирда ФХХ Украина жануби ва шарқидаги босиб олинган ҳудудларда асосий фаолиятини олиб бормоқда. Унинг мақсади элита ва жиноий гуруҳлар устидан сиёсий ва иқтисодий назорат ўрнатиш ва ҳудудларни Россияга қўшиб олиш бўйича референдумлар ўтказишга тайёргарлик кўришдир.

Мавзуга оид