Жаҳон | 21:50 / 23.08.2022
20688
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда дизель ёқилғиси хорижликлар учун кескин қимматлашди. Нега?

Қозоғистонда нефть маҳсулотларининг чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш жорий этилди. Эндиликда чет элликлар, хусусан ўзбекистонликларга дизель ёқилғиси Қозоғистон фуқароларига қараганда 1,7–2 баравар қимматга сотилади.

Фото: Kolesa.kz

Ўзбекистонлик юк ташувчиларнинг маълум қилишича, Қозоғистонда мамлакат фуқаролари бўлмаган шахсларга дизель ёқилғиси икки баробар қимматга сотилмоқда.

“Россияга юк ташийман. Ҳозирда Қозоғистонда “салярка нархи мамлакат фуқаролари учун 230 тенгедан, бошқалар: Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия фуқароси бўлган ҳайдовчиларга 450 тенгедан сотилмоқда. Бу одам ажратишга кирмайдими, олдин ҳамма учун бир хил нархда сотиларди”, дейди мурожаатчи.

Нега Қозоғистонда икки хил стандарт жорий қилинди?

Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 22 август, душанба кунидан бошлаб нефть маҳсулотларининг чакана савдоси бўйича охирги нархларни белгилаш тўғрисидаги қарор кучга кирган.

Маълум қилинишича, Қозоғистон фуқаролари учун дизель ёқилғиси нархи ҳудудга қараб ҳар литри учун 230-260 тенге оралиғида белгиланган. Қолганлари учун эса нарх 450 тенге.

Шу билан бирга, Қозоғистон фуқароларига ҳам кунлик 100 литр чегара мавжуд. Юк машиналари, махсус, ихтисослаштирилган транспорт воситалари ва автобуслар ҳайдовчилари учун эса тасдиқланган лимит 300 литрни ташкил қилади. Ўрнатилган нормадан кўпроқ олмоқчи бўлганлар, чет элликлар учун жорий этилган нархда тўлашлари керак.

Ўз навбатида, бензин нархи ўзгаришсиз қолдирилган: АИ-80 маркали маҳсулотнинг ҳар 1 литри учун 89 тенге (2100 сўм), АИ-92 ва АИ-93 маркали маҳсулотнинг 1 литри Кустанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 187 тенгедан (4400 сўм), Қозоғистоннинг бошқа вилоятларида 182 тенгедан (4250 сўм) сотилиши кўзда тутилган.

Ушбу қарор республикада дизель ёқилғиси тақчиллигининг олдини олиш учун қабул қилингани айтилмоқда. Қозоғистонда бензин ва дизель ёқилғиси қўшни давлатларга нисбатан анча арзон ҳисобланади. Шу сабабли, кўплаб чегара ҳудудлари аҳолиси ва транзит транспорт воситалари Қозоғистонда ёқилғи қуйишни афзал кўради. Божхона ходимларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар куни мамлакатга 4,5 мингга яқин юк автомобиллари киради, уларнинг 70 фоизга яқини чет элликлардир. Натижада, ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархларнинг пастлиги ўртача ойлик истеъмолининг тахминан 120 минг тоннага ошишига олиб келган.

Аввалроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда дизель ёқилғиси тақчиллигининг олдини олиш учун нефть маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилиш бўйича ноқонуний схемалар билан курашиш бўйича кўрсатма берган эди. Шундан сўнг, дизель ёқилғиси учун табақалаштирилган нархларга ўтилди.

Ўзбекистонда ҳам табақалаштирилган нархлар борми?

Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонда энергия ресурсларига ҳамма бир хил нарх тўлайди. Хориждан келиб яшаётганлар ҳам, халқаро ташкилотлар ёки хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳам амалдаги субсидияланган нархлардаги электр энергияси ёки табиий газдан мамлакат фуқаролари билан бир хил даражада фойдаланиши мумкин.

Умуман олганда эса, қўшни мамлакатлар фуқароларининг Ўзбекистондан бензин ёки дизель ёқилғиси олиб чиқиб кетишига нархлар қимматлиги сабабли ҳеч қандай рағбат мавжуд эмас. Масалан, 15 август ҳолатига кўра, юқори сифатли 1 литр дизель ёқилғиси нархи Ўзбекистонда 1,31 долларни, Туркманистонда 0,38 долларни, Қирғизистонда 0,79 долларни, Қозоғистонда эса 0,49 долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид