“Сайёҳлар сонини 5 йилда ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказамиз” — Президент халқаро туризм марказини очиб берди
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги халқаро туризм маркази очилишига бағишланган байрамда сўзга чиқиб, келгусида бундай мажмуа Бухоро шаҳрида ҳам қурилишини айтди. “Бу каби лойиҳаларни республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш бўйича ҳам режаларимиз бор”, деди президент.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида қурилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилишида иштирок этди.
“Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!” – деди давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, кўп тармоқли туризм маркази йилига 2 миллион сайёҳга хизмат кўрсатади. Унинг таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар бор.
Марказ лойиҳасини ишлаб чиқишда тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоа жалб этилган. Қурилиш жараёнида Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг инженер ва техник мутахассислари иштирок этган.
“Бундан 3-4 йил олдин Самарқандга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий туристлар сони 500 минг нафардан ошмас эди. Ҳозирги кунда туризмни ривожлантириш бўйича ислоҳотларимиз, қулай инвестициявий муҳит яратиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз туфайли Самарқандга келаётган хорижий туристлар сони 2 баробар кўпайди.
Бу маррани янада юқори олиш учун барча имкониятлар етарли. Хусусан, келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий туристлар сонини 1,5 миллиондан ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Келгусида бундай замонавий мажмуа Бухоро шаҳрида ҳам барпо этилади. Бу каби лойиҳаларни республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш бўйича ҳам режаларимиз бор.
Умуман олганда, ана шундай ишларимиз туфайли келгуси 5 йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказамиз”, деди президент.
Шавкат Мирзиёев олдинда йирик сиёсий, маданий ва маърифий тадбирлар тургани, Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллик байрамига оз қолганини эслаб ўтди.
“Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар ҳам яқин ойларда айнан Самарқандда бўлиб ўтади.
Келгуси йилда эса қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади”, – деди давлат раҳбари.
Президент сўзининг якунида “Самарқанд қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган” ушбу қурилишларни амалга оширишда меҳнат қилган барча қурувчи ва мутахассисларга, тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотларга, чет эллик ҳамкорларга, Самарқанд аҳлига, кўпмиллатли бутун халқимизга миннатдорлик билдирди.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024