Жаҳон | 17:19 / 23.08.2022
23223
6 дақиқада ўқилади

Ядро зарбаси хавфи ва Кремлнинг сиёсий лойиҳалари: Британия генерали билан суҳбат

Украинадаги уруш чўзилиб кетгани ва босиб олинган ҳудудлар бўйича Москва режалари Россиянинг тактик ядровий зарбаси хавфини оширади, дейди Британия бирлашган кучлари қўмондонлигининг собиқ раҳбари генерал Ричард Бэрронс.

Фото: Getty Images

Ғарб бундай сценарийнинг олдини олиши керак, деб ҳисоблайди генерал, лекин Кремлга ён босиш эвазига эмас.

Аксинча, АҚШ ва Европа Украинани узоқ муддат давомида қўллаб-қувватлашини кафолатлаши ва Россияни ядро можароси келтириб чиқарадиган оқибатлардан огоҳлантириши керак.

Референдумларнинг ядровий хавфи

Украинадаги уруш бошланганида Россия томонидан тактик ёки кичик ядровий қуроллар қўлланиши ҳақида барча томонлар гапирганди. Давлат думаси депутатлари ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров шундай қилишга чақирган, Украина президенти Володимир Зеленский ва МРБ директори Уильям Бёрнс бу хавф жиддийлиги ҳақида огоҳлантирган.

«Россия ҳарбий доктринасига мувофиқ, тактик ядро қуроллари бундай можароларда қўлланмайди», деди Россиянинг Британиядаги элчиси Андрей Келин шу йилнинг май ойида. Бироқ аввалроқ россиялик дипломатлар Украинага ҳеч қандай босқин бўлмаслигини ҳам таъкидлаганди.

Ричард Бэрронснинг фикрича, агар Украина армиясининг Херсон вилоятида ёки бошқа жойларда қарши ҳужуми муваффақиятли амалга оширилса, ядровий зарба хавфи анча жиддийлашади.

У буни икки омил билан изоҳлайди. Биринчиси, Кремлнинг босиб олинган ҳудудларда референдум ўтказиш режалари. Агар бу амалга ошса, у ҳолда натижага шубҳа йўқ, дейди экспертлар: овоз бериш Россия Федерациясига қўшилиш кафолати бўладиган тарзда ташкил этилади. Ҳозирча референдумлар санаси аниқ эмас.

Иккинчиси, Украинанинг 2014 йилдан бери йўқотилган барча ҳудудларини, жумладан аннексия қилинган Қримни ҳам қайтариб олиш бўйича расман эълон қилинган режалари.

Шу мақсадда Киев армияни модернизация қилмоқда ва Ғарб давлатларидан нафақат рус қўшинларини тўхтатадиган, балки қарши ҳужумга ҳам ўтиш имконини берадиган замонавий қуролларни сўрамоқда.

Украина бу қуролларни олиб, керакли ресурсларни тўплагунга қадар, мамлакатнинг жануби-шарқий ҳудудлари Россиянинг бир қисмига айланиши мумкин. Албатта, ушбу аннексия халқаро ҳуқуқ нуқтайи назардан ноқонуний бўлади ва уни дунёнинг аксарият давлатлари тан олмайди. Аммо бу Россия ҳукуматига ушбу ҳудудларни ўз давлатининг бир қисми деб ҳисоблашига тўсқинлик қилмайди.

Шунинг учун ҳам, ушбу ҳудудларни ҳимоя қилиш учун Россия 75 йил ичида биринчи марта ядро қуролидан фойдаланиш каби мисли кўрилмаган қадамни қўйиши мумкин, деди Бэрронс.

«Агар Украина қарши ҳужум учун ресурс тўплашга муваффақ бўлса ва ҳақиқатан ҳам муваффақиятга эришса, кичик ядровий қуролдан фойдаланиш Россия ҳарбий доктринасига тўлиқ мос келиши ҳақидаги россиялик сиёсатчилар ва ҳарбийларнинг фикрини эшитсак керак», дейди генерал.

Россия Федерациясининг ядровий доктринасига кўра, ядро қуроли ядро ҳужумига жавобан, шунингдек, давлатга таҳдид соладиган бошқа тажовуз ва муҳим объектларга ҳужум содир бўлган тақдирда қўлланиши мумкин.

«Гап қитъалараро баллистик ракеталар ҳақида кетмаяпти. Балки Россия расмийлари назарида давлат манфаатларига таҳдид соладиган ҳужумни тўхтатиш учун қўлланадиган кичик ядровий қурол ҳақида», дейди Бэрронс.

Россия қайси объектларга ядро зарбаси бериши мумкинлиги ҳақида мутахассисларнинг турли фикрлари бор: денгиз устида ядро бомбасини намойишкорона портлатишдан тортиб Киевни ўққа тутишгача.

Бироқ Бэрронснинг фикрича, зарба қарши ҳужумга ўтган Украина армияси бўлинмаларига берилади, агар Россия қуролли кучлари уларни бошқа йўл билан қайтара олмаса.

«Бу қадам Россияни ўрта асрларга қайтаради»

Британиялик ҳарбий бу фикрлари билан Украинани босиб олинган ҳудудларни озод қилиш режаларидан қайтармоқчи эмаслигини таъкидламоқда. Балки, Ғарб етакчиларини бу хавфни тан олишга ва унинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилишга чорламоқда.

«Буни қандай амалга ошириш керак? Агар Россия бу қадамни босадиган бўлса, жазо чоралари кўп марта кўпайиши, ўрта асрларга улоқтирилиши, жаҳон иқтисодиётидан четлатилиши ёки Украина НАТО аъзолигига қабул қилиниши ҳақида огоҳлантирилиши керак», дейди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, Ғарб ядро можаросининг олдини олиш учун Хитой, Ҳиндистон ва Россия билан ҳамкорликни давом эттираётган бошқа давлатлар билан дипломатик иш олиб бориши керак. Улар ҳам Москвага ядро қуролидан фойдаланиш ўзи учун мутлақо номақбул эканини билдириши керак.

«Путин кичик ядро қуролидан фойдаланишнинг стратегик ва сиёсий оқибатларини ҳисоблаб чиқиши даркор. Ядро можароси оқибатлари россияликлар учун жуда қимматга тушишини англаб етиши керак», дейди у.

«Нафақат Украинада, балки Ғарбда ҳам сафарбарлик эълон қилишимиз керак»

Ричард Бэрронс сиёсатчиларни уруш ўз-ўзидан муваффақиятли якунланиши, Россия машинаси ишдан чиқиши, ресурслари тугаши ёки Путин Украинани босиб олиш фикридан қайтишига умидвор бўлмасликка чақиради.

Россиянинг Украинадаги мағлубиятига эришиш мумкин, дейди генерал, лекин бунинг учун Ғарбга Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ ва кенг кўламли дастур керак, шунингдек, ҳарбий-саноат комплекси сафарбар қилиниши лозим.

Унинг ҳисоб-китобига кўра, Украинани қўллаб-қувватлаш ойига камида 6 миллиард долларга тушади. Ҳарбий ёрдам ҳам янги босқичга чиқиши керак, яъни омборлардаги қурол қолдиқларини етказиб бериш етарли бўлмайди. Украина қуролли кучлари учун қурол-яроғ, снарядлар ва жиҳозларни кенг кўламда ишлаб чиқариш зарур.

«Феврал ойида буни ҳеч ким тасаввур қилмаганди, лекин ҳозир биз нафақат Украинадаги фуқаролик жамиятини, балки Ғарб ғазнаси ва саноатини ҳам сафарбар қилиш ҳақида ўйлашимиз керак», дейди Бэрронс.

Буларнинг барчаси учун тўлов Ғарбнинг гарданига тушиши лозим, ҳатто инфляция кучайиб, Европани совуқ қиш кутаётган бир пайтда ҳам. Аммо британиялик генералнинг сўзларига кўра, сиёсатчилар солиқ тўловчиларга Украинани қўллаб-қувватлаш тўғри қарор эканини, жумладан, ўз хавфсизлиги манфаатларига алоқадор эканини тушунтириши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид