Ўзбекистон | 11:02 / 23.08.2022
18282
1 дақиқада ўқилади

Зоминда айиқ икки кишини ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. Экоқўмита маълумот ёлғон эканини билдирди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зомин тумани ҳудудида айиқ икки нафар фуқаронинг умрига зомин бўлгани ҳамда айиқ овчилар томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалди. 

Фото: National geographic

Давлат экология қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш ўтказди ва ушбу хабар ёлғон экани маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётган ҳолат аслида Россиянинг Байкалорти ўлкасида содир бўлгани аниқланди. Бу ҳақда Амур области Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари томонидан расмий муносабат билдирилган.

Давлат экология қўмитаси фуқаролардан бу каби нотўғри маълумотларга ишонмасликни сўраган ва Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёлғон хабарлар тарқатиш жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг август ойи охирларида Жиззах вилояти Бахмал туманида Қизил китобга киритилган айиқ номаълум кишилар томонидан қўйилган қопқонга тушиб қолганди.

Мавзуга оид