Жаҳон | 13:07 / 24.08.2022
34286
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги вазият фонида Россия Тожикистон ва Қирғизистондаги базалари жанговар тайёргарлигини оширади - Шойгу

РФ мудофаа вазири Москва афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича ҳар қандай халқаро ташаббусларни олқишлашини ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўришини таъкидлади.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Афғонистондаги вазият фонида Россия Тожикистон ва Қирғизистондаги базалари ҳамда бошқа инқирозга қарши кураш кучларининг жанговар тайёргарлигини оширади, деди РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу чоршанба куни Тошкентда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар ҳарбий идоралари раҳбарлари йиғилишида. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

«Ўз навбатида, биз Қирғизистон ва Тожикистондаги Россия ҳарбий базалари ҳамда юзага келиши мумкин бўлган инқирозли вазиятларга жавоб бериш бошқа кучларининг жанговар тайёргарлигини оширмоқдамиз», — деди у.

Шойгунинг сўзларига кўра, ИШИД ва «Ал-Қоида» каби халқаро террорчилик ташкилотлари янада фаоллашаётган Афғонистондаги вазият «Марказий Осиёда жиддий хавфсизлик муаммоси бўлиб қолмоқда». «Мамлакатда давом этаётган қуролли тўқнашувлар фонида ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашмоқда, радикализм мафкураси сингдирилмоқда, наркотик моддалар савдоси ва трансчегаравий жиноятлар авж олмоқда», — деди Россия мудофаа вазири.

Унинг таъкидлашича, Москва афғон масаласини ҳал қилиш бўйича ҳар қандай халқаро ташаббусларни маъқуллайди ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради. 

Хусусан, Шойгунинг эслатишича, июнь ойида Россия пойтахтида Марказий Осиё давлатлари ва РФ Мудофаа вазирликлари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтган, унда Афғонистон йўналишидаги вазият ва уни барқарорлаштириш йўллари кўриб чиқилган. 

«Биз бундай учрашувлар ШҲТ платформасида, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш учун ҳам талабга эга бўлишига ишонамиз, айниқса Афғонистон ШҲТда кузатувчи давлат бўлганлиги сабабли», — дея қўшимча қилди Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Бундан олдин бир гуруҳ афғонистонликлар чегарани бузиб Ўзбекистон ҳудудига ўтгани хабар қилинганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид