Жаҳон | 07:58 / 24.08.2022
5895
2 дақиқада ўқилади

БМТ Мариуполдаги эҳтимолий «трибунал»дан хавотир билдирди

БМТ ИҲОКБ халқаро гуманитар ҳуқуқ фақат ҳарбий асирлар учун судлар ташкил этишни тақиқлашини ва уларни адолатли суд жараёни ҳуқуқидан атайлаб маҳрум қилиш ҳарбий жиноят эканлигини эслатди.

Фото: AP

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси яқин кунларда Россия томонидан босиб олинган Мариуполда украиналик ҳарбий асирлар устидан суд жараёни бошланиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда 23 август, сешанба куни Женевада идоранинг расмий вакили Равина Шамдасани Мариупол филармонияси биносида қурилган темир қафаслар акс этган фотосуратлар ва видеоларга таянган ҳолда маълум қилди

БМТ ИҲОКБ ҳарбий асирлар қийноққа солингани ва ўлим жазоси чиқарилиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга. «Халқаро гуманитар ҳуқуқ фақат ҳарбий асирлар учун судлар ташкил этишни ва ҳарбий асирни адолатли ва тегишли суд жараёнидан қасддан маҳрум этишни тақиқлашини эслатиб ўтамиз, бу - ҳарбий жиноятдир», дея Шамдасанининг сўзларини келтирган dpa агентлиги. Унинг эслатишича, халқаро ҳуқуққа кўра, ҳарбий асирлар ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликда айбланиб судланиши мумкин эмас. Шамдасанийнинг сўзларига кўра, ИҲОКБ асирлар билан кўришишни сўраган.

22 август куни ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуд «раҳбари» Денис Пушилин ёз охиригача Мариуполда украиналик ҳарбий асирлар устидан «трибунал» ўтказиш ниятини яна бир бор тасдиқлади. «Азов» жиноятларининг 80 та эпизоди бўйича материаллар тўлиқ тайёр, 23 киши аллақачон ҳибсга олинган ва бошқа жойларда сақланмоқда», — деди у «Россия 24» телеканали эфирида. 

Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский «Азовстал»нинг қўлга олинган ҳимоячилари устидан намойишкорона «суд» ўтказилса, Кремль билан қандайдир музокара олиб бориш имконсиз бўлишини айтди. 

Мавзуга оид