Жаҳон | 09:11 / 24.08.2022
4623
2 дақиқада ўқилади

БМТ Запорижжя АЭСга экспертларни тўсиқсиз киритишни талаб қилди

БМТ Украинада АЭХА миссияси ЗАЭСга юборилса, уни қўллаб-қувватлаш учун зарур ресурсларга эга, дея маълум қилди БМТ бош котиби ўринбосари Розмари Дикарло.

Фото: Reuters

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) Москва ва Киевдан яна Запорижжя атом электр станциясига экспертлар миссиясини киритиш учун имкон тақдим этишни сўради. «Биз томонларни яна бир бор миссияни (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик, АЭХА миссиясини) объектга зудлик билан, хавфсиз ва тўсиқларсиз киритишни таъминлашга чақирамиз», деди 23 август, сешанба куни БМТ бош котибининг ўринбосари сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича Розмари Дикарло Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида. 

Россия томонидан босиб олинган АЭСга бундай миссияни киритишга тайёргарлик давом этмоқда – Киев ҳам, Москва ҳам бунга рози бўлиши керак, дея қўшимча қилди Дикарло. Айни пайтда, Запорижжя АЭСда хавфсизлик ҳолати ёмонлашмоқда. 

«Афсуски, кўплаб чақириқларга қарамай, вазиятни юмшатиш ўрнига, биз деярли ҳар куни станциядан хавотирли ҳодисалар ҳақида хабарлар олишда давом этмоқдамиз. Агар бундай ҳодисалар давом этса ёки ёмонлашса, биз фалокатга дуч келишимиз мумкин», - дея огоҳлантирди Дикарло БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида. 

Бирлашган миллатлар ташкилоти Украинада АЭХА миссияси Запорижжя атом электр станциясига юборилса, уни қўллаб-қувватлаш учун зарур ресурсларга эга, деди БМТ бош котиби ўринбосари. 

«АЭХА билан алоқада бўлган ҳолда, биз, ўз навбатида, Украинада Киев орқали ушбу атом электр станциясига АЭХАнинг навбатдаги миссиясини юбориш ҳамда уни қўллаб-қувватлаш учун логистика ва бошқа имкониятларга эга эканлигимизни ҳисоблаб чиқдик», деди у БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида. 

Шу билан бирга, Россия ва Украина бир-бирини АЭСни ўққа тутишда айблашдан тўхтамаяпти. 

Мавзуга оид